Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Франциялик Федерик Брессанд ўз юртида ҳам ўзбекона либосда юради

2019-04-11 | Маданият

Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси раҳбари Федерик Брессанд хоним ўз юртида ҳам, бизнинг диёримизда ҳам доим ўзбекона миллий либосда, заргарларимиз кумушдан ишлаган нафис тақинчоқларда юради.

Бу Федерик хонимнинг Ўзбекистонга, унинг бой тарихига, айниқса, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийларга, маданиятимиз ва санъатимизга бўлган чексиз эҳтиромининг ёрқин ифодасидир. 
 
Пойтахтимизда ўтказилган "Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан ва маданият" мавзусидаги халқаро анжуманга ҳам Брессанд хоним мафтункор ўзбекча либосларда келгани эътиборга моликдир. 
 
Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси томонидан Фанлар академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Темурийлар тарихи давлат музейи, Маданият вазирлиги ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилди. 
 
Темурийлар тарихи давлат музейи директори Х.Файзиев, Халқаро Амир Темур жамғармаси раиси Н.Ҳабибуллаев, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти С.Мирзаев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов ва бошқалар Амир Темур ва темурийлар даври Ўзбекистон тарихи саҳифаларида энг шукуҳли ва қудратли давр эканини таъкидлади. Бу давр маданияти инсоният тамаддунининг энг ёрқин саҳифаларидан бирига айлангани, шубҳасиз. Илм-фан, меъморчилик, тасвирий ва амалий санъат, адабиёт, мусиқа юксак даражада тараққий этиб, ўз навбатида, "Темурийлар Ренессанси" сифатида шуҳрат қозонишга сабаб бўлди. 
 
Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврига оид манбалар Европа халқларининг кўплаб тилларида нашр этилмоқда. Бу борада француз олимлари, шубҳасиз, жаҳонда етакчи ўринда экани аҳамиятга моликдир. Темурийлар тарихига оид тадқиқотлар ушбу мамлакат шарқшуносларининг илмий изланишларида муҳим ва бирламчи ўрин эгаллайди. Ушбу мамлакатда "Зафарнома", "Матлаъ ус-саъдайн ва мажмаъ ул-баҳрайн", "Бобурнома" ва темурийлар даврига оид бошқа асарларнинг француз тилида нашр этилиши буюк аждодларимизга бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.
 
Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси 1988 йилда Францияда атоқли олим Люсьен Карен томонидан ташкил этилган. Ўтган 30 йиллик фаолияти давомида ассоциация темурийлар тарихи, меросини тадқиқ этиш, унинг аҳамияти ва моҳиятини тарғиб этишга жиддий эътибор қаратмоқда. Ушбу ташкилот томонидан ҳар йили конференциялар ўтказилади. Монография, мақолалар, журнал мунтазам чоп этилади. Ассоциация кўп йиллардан буён Ўзбекистон Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари, музейлар, марказлар билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Унинг фаолияти натижасида Парижда дунёда ягона бўлган "La Temurids" ("Темурийлар") журнали чоп этилмоқда. Темурийларга оид тарих ва маданиятни ўрганишда француз тадқиқотчиларининг тизимли иш олиб бориши, мавзуга холис ва илмий ёндашуви каби изланишлар бугунги кунда ҳам изчил давом этмоқда. 
 
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили Францияга ташрифи давомида менга "Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси" деган шарафли унвон берилганидан ғоят миннатдорман, – дейди Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Ф.Брессанд. – Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даври қанчадан-қанча йирик ва кўплаб тадқиқотларга арзийди. Бу бевосита Темур ҳазратларининг шахсияти, фаолияти, унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни билан боғлиқдир. Бу борада ўзбек олимлари билан ҳамкорликда бир қатор изланишлар олиб бормоқдамиз. Ассоциация таркибидаги олимларнинг юртингизга ташрифи доирасида кўплаб учрашувлар, анжуманлар, мулоқотлар, спектакль намойишлари ўтказилади. Биз Ўзбекистондек муқаддас диёрга келганимиздан ғоят бахтиёрмиз. 
 
– Гарчи тарихчи бўлмасам-да Мирзо Улуғбек, яна ҳам аниқроғи, Муҳаммад Тарағай ибн Шоҳрух ибн Темур Улуғбек Кўрагоннинг илмий мероси бўйича китоб ёзишга муваффақ бўлдим, – дейди астроном олим Жан Пьер Люменет. – Бунда Улуғбекнинг тарих, санъат, адабиёт, хаттотлик, астрономия, математика фанларининг билимдони бўлганига асосий эътиборни қаратишга интилдим. Улуғбек тадқиқотларидаги ғоят пухта, аниқ маълумотлар ҳануз кишини ҳайратга солади. Унинг мероси кўплаб изланишлар учун замин бўлиб хизмат қилмоқда. Мероси бутун дунёда ўрганилмоқда.
 
– Темур ва темурийлар даврига оид асарлар, манба ва маълумотлар битмас-туганмас хазинага ўхшайди, – дейди ассоциация котиби Лоренцо Дулаге. – Ўзбекистонда миллий меросни ўрганишга давлат миқёсида эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқ. Биз ўз фаолиятимиз давомида Амир Темур ва темурийлар даврига оид тадқиқотларни янада кўпроқ олиб бориш, бу йўналишда ҳамкорликдаги лойиҳаларни ҳаётга жорий этишга астойдил ҳаракат қиламиз. 
 
Шу куни франциялик меҳмонлар Темурийлар тарихи давлат музейидаги экспозиция ҳамда бу ердаги "Темурийлар даври рассомлар нигоҳида" номли бадиий кўргазма билан танишди.
 

Назокат Усмонова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться