Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
XV форумга Ўзбекистон мезбонлик қилмоқда
2019-04-11 | Иқтисодиёт
Европа ва Марказий Осиё мамлакатларининг харидлар, касбий ахлоқ, бошқарув ва ошкоралик бўйича XV форумига Ўзбекистон мезбонлик қилмоқда.
Тошкентда 10 апрель куни мазкур форум ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон савдо ташкилоти, БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган форумда Европа ва Марказий Осиё мамлакатларининг давлат харидлари бўйича 100 дан зиёд мутахассислари, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков навбатдаги форумнинг мамлакатимизда ўтаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади.
– Эътиборлиси, 2005 йилда Ўзбекистон мезбонлигида мазкур форум илк бор ташкил этилган эди, орадан 15 йил ўтиб унинг яна мамлакатимизда ўтказилаётгани юртимизда давлат харидлари очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларнинг жадаллик билан олиб борилаётгани билан узвий боғлиқдир, – деди О.Исаков.
Тадбирда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Сирил Мюллер иштирокчиларга видеомурожаат йўллади. Унда С.Мюллер форум иштирокчи мамлакатларнинг айни соҳа бўйича ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, давлат инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини ошириш имконини беришини таъкидлади. Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё минтақалари мамлакатларига самарали миллий харидлар тизимини яратиш борасида кўмак кўрсатишда давом этиши қайд этилади.
Форумнинг биринчи кунида Туркия, Руминия, Хорватия каби мамлакатларнинг давлат харидларини ташкиллаштириш, мураккаб инвестициявий лойиҳалар доирасидаги бошқарувнинг ҳуқуқий ва ахлоқий асослари бўйича тажрибалари, бу борада Европа инвестиция банки, БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси мутахассислари тавсиялари кўриб чиқилди. Шунингдек, давлат инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, давлат инвестициялари ва давлат-хусусий шериклигини бошқариш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Халқаро экспертлар мамлакатимизда давлат харидларини бошқариш, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолади.
Малоҳат Ҳусанова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА