Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қишлоқ хўжалиги бирлашмалари тузилмоқда

2019-04-10 | Иқтисодиёт

Сўнгги йилларда мамлакатимизда мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун экин майдонлари сезиларли равишда кенгайтирилиб, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича қўшимча қувватлар ишга туширилди.

Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш, замонавий интенсив, аввало, сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энди асосий вазифа юқори сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, уни йирик хорижий бозорларга чиқаришдир.
 
Президентимизнинг 2019 йил 14 мартдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимизда мустақил ва ўзаро боғлиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларининг кооперацион бирлашиши институти жорий этилиши бу борадаги ислоҳотларнинг ёрқин мисолидир.
 
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа давлат идоралари томонидан ишлаб чиқилган механизмга биноан бошланғич лойиҳалар сифатида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Зомин, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманларида қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилади.
 
Тажриба-синов босқичи 2019-2020 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг якунларига биноан қишлоқ хўжалиги бирлашмаларининг кооперацион бирлашуви институтини республиканинг бошқа ҳудудларида татбиқ этиш режалаштирилган.
 
Тошкент вилояти Паркент туманида ҳудуддаги 1 минг 350 фермер-деҳқон хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида мулоқотлар ўтказилди. Унда қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этишни истаган фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи, тайёрловчи ва экспортерлар рўйхати шакллантирилди.
 
– Туманимиздаги Навбахор, Бошқизилсой, Гулбоғ, Ҳисорак, Номданак, Сўқоқ ва Заркент каби массивлардаги фермер хўжаликлари алоҳида қишлоқ хўжалиги бирлашмаларига аъзо бўлишга ва кейинги фаолиятини биргаликда давом эттиришга келишиб олди, – дейди Паркент тумани ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Азиз Миртурсунов. – Қишлоқ ҳўжалиги кооперацияси ташкил этиш бўйича танланган ташаббускорларга тизим фаолияти ҳақида, унинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, бериладиган имтиёз ва қулайликлар бўйича тўлиқ тушунчалар берилди. Кооперацияга ихтиёрий аъзо бўлиш истагини билдирган фермер ва деҳқон ҳўжаликлари, бошқа субъектлар гуруҳлари шакллантирилиб, намунавий низоми ишлаб чиқилди. 
 
2019 йил 1 мартдан бошлаб ихтисослашган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштириш ва уларни кейинчалик алмаштириш тўғрисидаги қарорни мустақил равишда қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундан ташқари, Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кўчат ва сертификатланган уруғлар, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарини харид қилиш учун тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатлари қисман қопланади.
 
Ушбу механизм мева-сабзавотчилик соҳасида қўшимча қиймат занжирини яратиш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Нидерландия, Норвегия, Дания, Швеция, Финляндия ва Япония каби бир қатор ривожланган давлатларда ушбу тизим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни тўлиқ бирлаштирган. Франция ва Германияда 86 фоиз, Хитойда 2 миллионга яқин бирлашма рўйхатга олинган ва фермерларнинг 47 фоизи ушбу бирлашмаларга аъзо бўлган. Қозоғистонда 2,8 мингта ва Қирғизистонда 442 та қишлоқ хўжалиги бирлашмаси мавжуд.
 
Ҳозирги кунда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида “Агро фрукт маркетинг”, “Чинортаги Саховати”, “Нурт Фрут” ва “Фрут Олтиариқ” қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилди. Улар ўзларига тегишли ер майдонларига экспортбоп маҳсулотлар экиш ва экспортёрлар билан биргаликда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги махсулотларини экспорт қилиш учун хорижий хамкорлар билан шартномалар тузиш ишларини бошлаб юборган.
 
Жумладан, ҳудудда янги ташкил қилинаётган “Агро фрукт маркетинг” қишлоқ хўжалиги бирлашмаси ҳам 90 гектар ер майдонига эга 1 та фермер хўжалиги, 30 гектарлик 2 та боғдорчиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамияти, сиғими 500 тонналик омборхонани ўз таркибига қўшиб олди.
 
– Эндиликда кооператив бирлашмалар бозор эҳтиёжига қараб сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиради, – дейди “Агро фрукт маркетинг” қишлоқ хўжалиги бирлашмаси раҳбари Бузрук Ғозиев. – Айни пайтда бирлашмамизда 15 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда. Ҳамкорларимиз билан биргаликда охирги ташкилий ишларни бажармоқдамиз. Асосан кўп ҳосил берадиган картошка, сабзи, турли дуккакли экинларни парваришлаймиз. Жорий йилда етиштирадиган мева-сабзавотларимизнинг дастлабки ҳосилини Россияга экспорт қилишни режалаштирдик.
 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться