Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон делегацияси таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Германияга ташриф буюрди
2019-04-10 | Таълим
Жорий йилнинг 31 март - 6 апрель кунлари Ўзбекистон делегацияси таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Германияга ташриф буюрди.
Делегация таркиби Ўзбекистон Республикасининг Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Касб-ҳунар таълими маркази, Касб-ҳунар таълими тизимидаги ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, ЎзДЖТУ қошидаги хорижий тилларни ўқитишнинг инновацион усулларини ривожлантириш Республика илмий-амалий маркази, Давлат тест маркази мутахассисларидан ташкил топди.
Ташриф доирасида юртимиз вакиллари Берлин ва Бранденбург шаҳарларида Германия Федератив Республикасининг Маданият ва таълим вазирлиги, Сенатнинг таълим, ёшлар ва оила соҳасидаги бошқаруви, Берлин касб-ҳунар таълими Маркази, Постдамдаги Гумбольд гимназияси, Берлиндаги билингвистик мактаблари, таълим соҳасида сифатни яхшилаш институти,Берлин Бранденбург мактаб медиа институтларида учрашув ва музокаралар ўтказди.
Шунингдек, А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда Берлин Бранденбург мактаб медиа институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилди.
Берлин техника университети билан Германия федерал таълим тизимининг тузилиши, мактаб, ўрта таълим турлари, университетларга кириш,PISA халқаро баҳолаш тартиби бўйича немис тажрибаси, назарий ва амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси, шу билан бирга, Германиядаги ўқув дастурлар, ўқув режалар ва якуний мактаб имтиҳонларига қўйиладиган ягона талаблар, уларнинг касбий тайёргарлиги каби масалалар бўйича маълумот олдилар ва тажриба алмашилди.
Семинар якунида гуруҳ иши натижалари баҳоланиб, таҳлил қилинди. Ўзбекистон билан Германия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик ишларини ривожлантириш мақсадида лойиҳалар кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил январь ойида Германияга ташрифи чоғида илмий алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, иқтисодиёт, молия, инновация ва сармоя, фан, техника, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Хусусан, таълим соҳасида немис педагогик технологияларидан самарали фойдаланиш, жумладан: “Мактаблар келажак ҳамкорлари” ташаббуси (PASCH), Ўзбекистонда нуфузли университетларнинг филиалларининг очилиши, немис тилини чуқур ўрганиш ва Германиянинг етакчи олий ўқув юртлари билан алоқаларни ривожлантириш бўйича мактаблар тармоғини кенгайтириш истиқболлари режалаштирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги