Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Барчангизни LANDSHAFT OPEN.uz биринчи халқаро фестивалига таклиф этамиз
2019-04-10 | Жамият
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бетакрор ландшафт яратиш ғояси ва лойиҳаси бор ижодкорларни янги фестивалга чорлайди.
Жорий йилнинг 3-5 май кунлари пойтахтимизда LANDSHAFT OPEN.uz ландшафт санъатига бағишланган биринчи халқаро фестивал бўлиб ўтади.
Фестивалда ландшафт, дизайн, архитектура, флористика каби ушбу соҳани қамраб олувчи барча йўналишлардаги имкониятлар, мутахассисларнинг ғоялари ва салоҳияти намойиш этилади.
Мазкур фестивал доирасида кўплаб ижодий учрашувлар, тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Жумладан, ландшафт дизайнидаги энг янги тақдимлар намойишига бағишланган кўргазма ташкил этилади.
Айни кунларда эса “Тошкент шаҳри ҳудудидаги энг яхши ландшафт дизайни бўйича талабалар лойиҳаси” танлови бошланди.
Танлов 25 апрелга қадар давом этади ва унинг натижалари http://landshaft.uz/ сайтида эълон қилинади. Унга архитектура, қурилиш, ландшафт ва дизайн йўналишларида таълим олаётган талабалар шаҳримиз қиёфасини янада яхшилашга оид лойиҳаларини тақдим этишлари лозим. Ишчи гуруҳ томонидан бунинг учун қатор объектлар танланган. Тошкент Архитектура-қурилиш институтида бўлиб ўтган тадбирда иштирокчилар қура ташлаш орқали ўзлари ижодий иш олиб борадиган 6 та объектни танлаб олишди.
LANDSHAFT OPEN.uzда тақдим этиладиган ғоя ва лойиҳалар қадимий ва навқирон Тошкентнинг чиройини янада очишга ва ривожланишига хизмат қилади.
Фестиваль 3-5 май кунлари Истиқлол ва Зарафшон кўчаларида, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасининг атрофида соат 9:00дан 22:00гача бўлиб ўтади. Мурожаат учун телефон: 90 941 58 85
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати