Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Водил чинори” дор ўйинлари билан барчани хушнуд этмоқда
2019-04-09 | Маданият
Термиз шаҳрида ўтказилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивалида Фарғона вилояти вакиллари ноёб ва нафис ҳунармандчилик буюмлари, ҳудуднинг ўзига хос қадриятларини кенг намоён этмоқда. Фольклор санъати, турли халқ ўйинлари, театрлашган саҳна асарлари билан барчани хушнуд қилмоқда.
Муҳташам Санъат саройи ҳудудида барпо этилган этнографик шаҳарчалар эрта тонгдан янграётган куй-қўшиқлар ва бахшилар дўмбира жўрлигида куйлаётган достонлар одамларни яна дунё халқларини бирлаштирган катта байрамга чорламоқда. Фарғоналиклар ҳам вилоятга ажратилган ҳудудда фестиваль шинавандаларини майин табассум билан кутиб олаётир. Этнографик шаҳарчанинг бир томонида миллий ҳунармандчилик буюмлари, бошқа томонида санъаткорларнинг ранг-баранг чиқишлари қалбларга ўзгача тароват улашади. Дор ўйинлари ҳам кўпчиликни аллақачон ўзига мафтун этган.
Халқаро фестивалда Риштон туманида фаолият юритадиган якка тартибдаги тадбиркор Одилжон Азизов бежирим кулолчилик буюмлари билан фаол иштирок этмоқда. Оддий лойдан ясалиб, сержило безак берилган турли лаган, кўза ва бошқа идишлар беихтиёр кўзни қувонтириб, барчани шундай нафис буюмларни ясаш усуллари қизиқтириб қўяди.
– Аждодларимиз кулолчилик ортидан шуҳрат топган, –дейди О.Азизов. – Биз саккизинчи авлодмиз. Ота-боболаримиздан ўрганган шу ҳунар туфайли обрў-эътибор топиб, тўкин яшаяпмиз. Миллий ҳунармандчилигимиз намуналарини жаҳонга кенг тараннум этаяпмиз. Айниқса, хорижликларни бу буюмларнинг қандай ясалиши жуда қизиқтирмоқда. Кўргазмадан эсдалик учун олиб кетмоқда. Шунингдек, юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган кулоллар билан тажриба алмашаяпмиз. Хуллас, фестиваль юқори савияда ташкил этилган.
Фарғона туманидан келган “Водил чинори” дорбозлик гуруҳи ҳам осмонўпар дор ўйинлари билан барчага ўзгача завқ бағишламоқда. Масхарабоз ва полвонларнинг чиқишлари ҳам томошабинларга манзур бўлмоқда. Ичак узди аскиялар билан иштирокчиларга завқ-шавқ улашмоқда.
– Қарийб 50 йилдан буён фаолият юритамиз, – дейди “Водил чинори” дорбозлик гуруҳи бадиий раҳбари Б.Мамажонов. – Мамлакатимиз дорбозлари кўрик-танловида олий ўринга сазовор бўлганмиз. Жаҳоннинг кўплаб давлатларида ўз санъатимизни намойиш этганмиз. Ушбу фестивалда дунёнинг кўплаб давлатларидан келган меҳмонларга маҳоратимизни намойиш этаётганимиздан хурсандмиз. Келганимиздан буён атрофимиз одамлар билан гавжум.
Дор ўйинлари – қадимий миллий санъатимизнинг бир бўлаги, мустаҳкам илдизларидан бири. Бу ҳунарга халқ оғзаки ижоди намуналарида ҳам чуқур таъриф берилиб, куйлаб келинган. Тўю томошалар дор ўйинларисиз ўтмаган. Шу боис бўлса керак, санъатнинг бу турига халқимизда ҳамон қизиқиш ва интилиш кучли.
– Фестивални мириқиб томоша қилмоқдаман, – дейди Жарқўрғон туманининг Бобур номидаги маҳалласида яшайдиган И.Аллабердиев. – Менда фарғоналик дорбозларнинг чиқиши катта таассурот қолдирмоқда. Ахир, кўп қаватли бинолар билан бўйлашган дор устида эмин-эркин юриш, турли ўйинлар кўрсатишнинг ўзи бўлмайди. Аждодлардан мерос келаётган бу ҳунар аслида буюк халқ авлоди эканимизга яққол далилдир.
Дорбозларнинг мафтункор ўйинлари, масхарабоз ва аскиячиларнинг ичакузди ҳангомалари ҳам қизиқарли бўлмоқда...
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
Манба: ЎзА