Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ОТМларининг АКТ ҳолати онлайн тизимда баҳолаб бориляпти. Натижа қандай?
2019-04-09 | Технологиялар
Бу ҳақда Миллий матбуот марказида “Олий таълим сифатини оширишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш истиқболлари” мавзусидаги матбуот анжуманида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги қарори билан тасдиқланган чора-тадбирларга кўра, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини ахборотлаштириш концепцияси” ишлаб чиқилди. Концепцияда 2021 йилга қадар олий таълим тизимида бошқарув ва ўқув жараёнини автоматлаштириш, масофавий таълимни жорий этиш белгиланган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларининг ўқув ва бошқарув жараёнларини ахборотлаштиришга қаратилган маълумотлар базалари ва ахборот тизимларини яратиш ва интеграциялашга, ўқув, компьютер синфлари, сервер хоналарини жиҳозлаш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона талаблар, ОТМларида АКТни жорий этиш борасида талаблар қўйилган. Ҳозирги кунда белгиланган барча кўрсаткичлар орқали ОТМларининг АКТ ҳолати онлайн тизимда баҳолаб борилмоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўқув жараёнига АКТни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Алишер Абдуллаев вазирликнинг барча бошқарма ва бўлимлари томонидан қабул қилинадиган ҳисоботлар тўлиқ электрон кўринишга ўтказилганлигини таъкидлади. Ушбу тизим жорий этилиши натижасида 4700 га яқин кўрсатгичлар 1200 га қисқарди. Тизим http://my.edu.uz манзилида жойлаштирилган бўлиб жами 16 та ахборот тизимини ўз ичига олади.
Педагогнинг портфолиоси http://pf.bimm.uz таълим муассасалари раҳбарияти учун ўқитувчиларнинг иш фаолияти унумдорлиги мониторингини олиб бориш ҳамда педагогларнинг ўз-ўзини кузатиш ва ўз устида ишлаши учун муҳим воситадир. Портфолио жорий этилиши билан педагогик фаолиятни баҳолаш, ўз-ўзига баҳо беришнинг кўп функцияли воситаси шаклланди.
Матбуот анжумани давом этмоқда.
Барно Мелиқулова, ЎзА
Манба: ЎзА