Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Томчилатиб суғориш технологиясининг афзалликларига бағишланган республика амалий семинари ўтказилди

2019-04-08 | Жамият

Жорий йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Сирдарё туманидаги “Peng Sheng” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилишнинг афзалликлари” мавзуида республика амалий семинари ўтказилди. Унда сув хўжалиги ташкилотлари, илмий тадқиқот лойиҳа институтлари, пахта хом ашёси етиштиришга ихтисослашган кластерлар вакиллари ҳамда илғор фермерлар иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев, Сирдарё вилояти ҳокими  Ғ. Мирзаев ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида, айниқса, пахта етиштиришда сув тежайдиган замонавий технологияларни ва илмий асосланган агротехник тадбирларни жорий қилиш муҳим вазифалардан ҳисобланишини таъкидладилар. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Жумладан, қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун пахта хом ашёси экиладиган майдоннинг ҳар бир гектарига 8 миллион сўм субсидия тақдим этилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 миллион сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизли пункти миқдорида қопланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, томчилатиб суғориш технологияси қўлланилганида 1 гектар ерда ўртача сув 40–50 фоизгача, ёнилғи 60 фоизгача, уруғлик чигит 40 фоизга тежалади, минерал ўғитлар самарадорлиги 30 фоизга ортади, ғўзанинг биологик пишиш муддати 12–15 кунга тезлашади, ҳосилдорлик 5-10 центнергача ортади.

Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, республика бўйича жами 214 та, шундан 207 та фермер хўжалиги ва 7 та кластер ташкилотлари томонидан 11 573 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича ишлаб чиқарувчи ва  қурувчи пудрат ташкилотлари билан шартномалар расмийлаштирилган бўлиб, айни кунларда 7 562 гектар майдонда технологияларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг мазкур қарори томчилатиб суғориш технологиясини ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятида ҳам ўзига хос рағбат бўлди. Ўтган йил охирига қадар мамлакатимизда томчилатиб суғориш тизимини ишлаб чиқарувчи ва қурувчи атига 10 та корхона рўйхатга олинган эди. Бугунги кунга келиб, 37 та маҳаллий, хорижий ҳамда сув хўжалиги пудрат корхоналари томчилатиб суғориш тизимини қуриш ва сервис хизматларини кўрсатиш билан шуғулланмоқда.

Семинар доирасида томчилатиб суғориш технологиялари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда фермерларга инновацион маҳсулотларнинг сифати, нархлари, сувни тежаш ва бошқа афзалликлари, ушбу технологияларни ўрнатиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.  

“Peng Sheng” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси Сирдарё туманида оёқ кийимлар ва чармдан ишланган буюмлар, фитинг ва смесителлар, қулф ҳамда бошқа маҳсулотлари ишлаб чиқариш, замонавий технологиялар асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб билан шуғулланади.

Семинар доирасида ушбу қўшма корхонага қарашли майдонда Хитой Халқ Республикасининг замонавий инновацион технологияси ва механизмлари ёрдамида чигит экиш намойиш этилди. Хитойлик мутахассислар ушбу технология ёрдамида экилган ғўзани суғориш, ўғитлаш, парваришлаш ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, қўшма корхонада ташкил этилган гидропоника усулидаги иссиқхоналар фаолияти билан танишилди.   

Амалий семинар доирасида бўлиб ўтган муҳокамаларда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.

Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги

Поделиться