Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Баркамол авлод” марказлари фаолиятини бошқаришнинг ахборот тизими яратилди
2019-04-08 | Таълим
Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Таълим соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази томонидан “Баркамол авлод” марказлари фаолиятини бошқаришнинг ахборот тизими яратилди ва тест режимида жорий этилди. Янги тизим “Баркамол авлод” марказларидаги болалар сонини сунъий оширилишини бартараф этиб, рўйхатга киритилган ўғил-қизлар бўйича ҳисобот олиш имконини беради.
Шу билан бирга тизимдаги марказ ходимларининг маълумотлар базаси ва улар бўйича асосий ҳисобот шаклларини яратиш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Ахборот тизими ҳар бир болани “Баркамол авлод” марказларига келиб, кетиш давомати бўйича ишларни ҳам тизимлаштиришга кўмак беради.
Мазкур ахборот тизимидан фойдаланишни йўлга қуйиш мақсадида“Ахборот тизимини яратиш давомида келиб чиқадиган камчиликларни бартараф этиш” мавзусида семинар ташкил этилди. Мазкур семинарда Халқ таълими вазирлиги ва Таълим соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази масъул ходимлари, “Баркамол авлод” марказлари раҳбарлари ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.
Семинар давомида “Баркамол авлод” марказлари ходимларига тизимдан фойдаланиш бўйича батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ахборот тизимига қўшимча таклифлар киритиш бўйича иштирокчилар фикри тингланди.
Маълумот учун:
Бугунги кунда республикамизда 215 та “Баркамол авлод” болалар маркази фаолият кўрсатиб, уларда ташкил этилган 5450 та тўгаракда 146 549 нафар ўқувчи касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда.
Ушбу тўгаракларга жалб қилинган ўқувчиларнинг 14 769 нафари кам таъминланган оила фарзандлари, 2133 нафар Меҳрибонлик уйлари ва 101 нафар “SOS-Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмаси муассасалари тарбияланувчилари, 342 нафар имконияти чекланган ҳамда 120 нафар ички ишлар органларида профилактик рўйхатга олинган болалардан иборат.
“Баркамол авлод” болалар марказларида жами 6498 нафар ходим фаолият кўрсатиб, улардан 1621 нафари (25%) олий маълумотли, 4819 нафари (74 %) ўрта-махсус маълумотли ва 58 нафари (1%) ҳунарманд-уста ходимлардир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги