Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ДСҚ Матбуот хизмати ходимлари учун маҳорат дарслари давом этмоқда
2019-04-04 | Жамият
Солиқ органларининг матбуот хизматлари олдига қўйилаётган долзарб вазифалар, ҳуқуқбузарликларни олдини олишдаги уларнинг роли, тизимдаги янгиликларнинг ёритилиши ва фуқароларда солиқ маданиятини оширишнинг бугунги аҳволи қандай?
Айнан шу каби масалалар Давлат солиқ қўмитаси томонидан вилоят солиқ бошқармалари масʼул ходимлари учун ташкил этилган семинар-тренингда муҳокама этилди.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев матбуот хизмати олдига қўйилаётган мақсад ва вазифаларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Матбуот хизмати ходимлари томонидан солиқ соҳасида юз бераётган воқеаларни тезкорлик билан ёритилиши фуқаролар манфаатдорлигига хизмат қилиб, уларнинг мурожаатлари билан доимий равишда иш олиб бориш ва солиқ тўловчиларни ташвишга солаётган муаммоларнинг ҳал қилинаётганини аниқ мисоллар асосида ифодалаш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев давлат идоралари, шу жумладан, ДСҚ фаолиятида матбуот хизматларини ривожлантиришга катта эʼтибор қаратилаётгани жамоатчилик билан ишлашда муҳим омил бўлишини таʼкидлади. Парламент вакили иштирокчиларга қонунбузилишларидан холи равишда оммавий ахборот воситалари билан фаол ишлашнинг ҳуқуқий асослари ҳақида батафсил тушунча берди.
Семинар-тренингда жамоатчилик билан алоқалар бўйича етук мутахассис, доцент Нозима Муротова, давлат идоралари матбуот хизматларининг оммавий ахборот воситалари билан самарали ишлашида ривожланган давлатлар амалиётига тўхталиб ўтди.
Семинар-тренинг давомида Давлат солиқ қўмитаси раиси вилоят солиқ бошқармалари ва инспексияларининг матбуот хизматлари фаолиятини таҳлил қилиб, кадрлар малакасини ошириш, замон талабларига мос юқори сифатли контентни тайёрлаш учун моддий-техника базани янгилаш зарурлигига кўрсатма берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси