Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осиё чемпионати иштирокчилари маълум бўлди
2019-04-04 | Спорт
Жорий йилнинг 16-29 апрель кунлари Хитойнинг Нинбо шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтади, деб хабар беради Миллий Олимпия қўмитаси расмий сайти.
Қитъамизнинг энг кучли атлетларини жамлайдиган ушбу мусобақада юртдошларимиз ҳам иштирок этади. Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов бошчилигида делегациямиз ҳозирда Осиё чемпионатига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
Хитойдаги мусобақада ватанимиз шарафини асосан яқинда Чирчиқ шаҳрида ўтказилган катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ғолиблари ҳимоя қилади, фақат эркаклар ўртасида 96 кг.гача бўлган вазн тоифасида баъзи сабабларга кўра мамлакат биринчилигинида иштирок этмаган маҳоратли спортчимиз Фарҳод Собиров ўз омадини синаб кўради.
Осиё чемпионатида иштирок этувчи таркибимиз билан танишинг:
Эркаклар:
-73 кг: Адҳамжон Эргашев ва Достон Ёқубов
-96 кг: Фарҳод Собиров
-102 кг: Суннатилла Ўсаров
-109 кг: Акбар Жўраев
+109 кг: Рустам Жангабаев
Аёллар:
-55 кг: Муаттар Набиева
-87 кг: Долера Давронова
Шуни таъкидлаш жоизки, қитъа ва жаҳон чемпионатлари Токио-2020 олимпиадаси учун энг кўп рейтинг очколарини тақдим этади. Шундай экан, Осиё чемпионатида ҳар бир вазн тоифасида беллашувлар муросасиз кечади.
Сўнгги вақтларда ўзбекистонлик атлетлар ҳар қандай нуфузли мусобақалардан медаллар билан қайтиши одатий ҳолга айланиб қолган. Умид қиламизки, бу сафар ҳам спортчиларимиз юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келишади.
Манба: ЎзА