Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жорий йилнинг 5-10 апрель кунлари бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивалини юқори савияда ўтказиш учун пухта ҳозирлик кўрилди.
Вилоятда йирик ҳажмдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, кўча ва хиёбонлар, аҳоли маданият ва дам олиш масканлари байрамона безатилди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси асосида биринчи бор ташкил этилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали сурхондарёликларни ҳақли равишда фахрланишга ундади. – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Р. Чориев. – Фестивални ташкил этиш ва юқори савияда ўтказишга оид қарор асосида маданият ва санъат ходимлари, фолкьлоршунослар, бахшилар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди. Шунга асосан амалга ошириладиган ишларни таҳлил қилиб борадиган штаб ташкил этилди. Йўналишлар бўйича 14 та ишчи гуруҳ шакллантирилиб, ҳар бир гуруҳнинг вазифалари белгилаб берилди.
Мавриди келганда шуни ҳам айтиш лозимки, энг қадимий, энг нафис санъатимизга давлат даражасида қаратилган бундай эътибор аҳолига куч, шижоат бағишлаб қолмай балки, воҳага қут-барака ҳам олиб келди. Минг йиллардан буён бахшиларга бешик бўлиб келаётган ҳудудга янги қиёфа бағишлади. Жумладан, 80 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига Термиз аэропортининг янги биноси қурилди. Бундай йирик ишни сифатли амалга ошириш учун қурувчилар атиги икки ой меҳнат қилди. Термиз темир йўл вокзали таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди. Фестивалнинг асосий тадбирлари ўтказиладиган муҳташам Санъат саройи ҳудудидаги 32 гектар майдон нафақат Сурхон воҳасининг балки, бутун мамлакатимиз ҳудудларининг миллий қадрият ва гўзал анъаналарини, ноёб санъати ва ҳунармандчилигини намойиш этиши учун пухта ҳозирланди. Ўтмишни акс эттирувчи ўтовлар ўрнатилиб, ҳар бир вилоят қўрғони ўзига хос услубда жиҳозланди. Фестивалнинг асосий тадбирлари ўтадиган замонавий йиғма саҳна барпо этилиб, ҳудудда Алпомишнинг тоғу тошлар узра учқур отда елиб бораётгани тасвирланган ҳайкали ўрнатилди. Вилоят бўйича эллик километр йўл таъмирланди, янгидан қурилди, реконструкция қилинди. Термиз шаҳридаги кўплаб кўп қаватли уйларнинг фасад қисми таъмирланиб, янгича кўриниш берилди. Кўча ва хиёбонларда улкан ҳажмдаги ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.
Тарихий аҳамиятга эга бўлган Халқаро фестиваль ўтмишда яшаб ўтган бахшиларнинг эзгу орзуларини руёбга чиқариб, уларнинг руҳини шод этди. Улуғ аждодларнинг эзгу анъаналарини давом эттираётган фидойи авлодларга илҳом улашиб, юртимизда юз бераётган улкан ўзгариш ва янгиланишларни баралла куйлашга ундади. Зеро, фестивалнинг Сурхондарё воҳасида ўтказилишида ҳам чуқур маъно бор. Сайёрамизнинг кўплаб ҳудудларида халқ оғзаки ижодига ёшларда эътибор сусайиб, қизиқиш камайиб қолган ҳозирги даврда қадимий бу санъатнинг нозиқ қирралари айнан шу юртда кўпроқ сақланиб қолган. Бир замонлар Шеробод достончилик мактабининг довруғи олис ўлкаларга ҳам кенг ёйилгани ёки ўтган чорак асрга яқин вақтда мамлакатимизда Ўзбекистон Халқ бахшиси унвонига сазовор бўлган 28 бахшининг 9 нафари айнан сурхондарёлик экани ҳам бунга яққол мисолдир.
Шу ўринда сўнгги йилларда вилоятда бахшичилик санъатини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳам келажакда бу йўналишни янада юксалтиришда муҳим ўрин тутишини алоҳида эьтироф керак. Термиз шаҳрида фаолият юритаётган бахшилар мактаби, туманлардаги ўнга яқин мусиқа ва санъат мактабларида ташкил этилган синфларда юздан ортиқ истеьдодли ёшлар бахшичилик сирларини қунт билан ўрганаётгани, ўз маҳоратини намойиш этаётгани бунинг ёрқин ифодасидир.
Халқаро фестивалда мамлакатимиз фольклоршунос олимлари, бахши, жиров ва оқинлар, санъаткорлар ва бахшичилик санъати мухлислари билан бирга жаҳоннинг 75 га яқин давлатидан 300 дан зиёд меҳмонлар иштирок этади. Миллий қадриятларимиз улуғланадиган бу тадбирда қатнашиш, ундан завқ-шавқ олиш истагини билдирган маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар учун барча шароитлар ҳозирланди. 4 минг 700 дан ортиқ ётоқжой тайёрланди. Тўққизта меҳмонхона ва санаторий-профилакторийда мингдан зиёд қўшимча ўрин захираси яратилди. 483 ўринли 102 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилди. Хўрандаларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида 23 ресторан ва кафе тайёрланди. Сифатли тиббий, транспорт ва бошқа хизматлар кўрсатиш, фестиваль иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг жанубдаги гавҳари сифатида сайёҳлар учун ўз бағрини очган вилоятда илк марта ташкил этилаётган фестиваль ҳудудга маҳаллий ва хорижлик туристларни жалб этишга хизмат қилаётгани, уларнинг воҳа ўтмиши ва дунёга янги қиёфада юз очаётган бугунги ривожланиш босқичларини яқиндан ўрганиши учун қулай имконият яратаётгани билан ҳам эътиборга сазовордир. Шу мақсадда фестиваль кунлари вилоят бўйлаб турли маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар ўтказишни режалаштирилган. Бу тадбирлар доирасида бахшиларнинг халқаро кўрик танлови, халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилади. Меҳмонлар олти йўналишдан иборат туристик маршрутлар бўйича тарихий обидалар ва диққатга сазовар жойларга саёҳатга чиқади. Фестиваль кунлари маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар Термиз шаҳри ва туманларда вилоятнинг энг яхши фольклор-этнографик халқ ансамбллари, бахшилар ҳамда маданият марказларининг беш юздан ортиқ санъаткорларининг ранг-баранг дастурларидан баҳраманд бўлади.
Хуллас, вилоятда илк марта ташкил этилаётган Халқаро фестивал кўтаринки рухда юксак савияда ўтади. Бунинг учун барча имконият яратилган.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
Манба: ЎзА