Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қорақалпоғистон ва Хоразмда халқаро тадқиқотларда иштирок этиш бўйича семинар ташкил этилди
2019-04-03 | Таълим
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази томонидан “Халқаро баҳолаш дастурларида муваффақиятли иштирок этиш – таълим сифатини оширишнинг муҳим омили” мавзусидаги навбатдаги семинар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган семинарда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н.Ташкенбаев, Жўқорғи Кенгаш раиси ўринбосари А.К.Хамраев, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири иштирок этишди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги масъул ходимлари, Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази профессор-ўқитувчилари, Республика ўқув методика маркази методистлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари, таълим сифати мониторинги бўлими бош инспектор-методистлари, таянч мактаблар директорлари, таянч мактабларнинг математика ва табиий, она тили ва адабиёти фанлари бўйича метод бирлашмалар раҳбарлари, жами 162 нафар иштирокчи қатнашди.
Ҳар иккала ҳудудларда ҳам халқаро тадқиқотларда иштирок этиш бўйича семинар қатнашчиларига тушунтиришлар бериб ўтиш мақсадида масъуллар томонидан маърузалар ўқилди. Хусусан, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг бош бошқармаси бошлиғи А.Раджиев “Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича халқ таълими тизими ходимларининг вазифалари”, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази директори А.Исмаилов “PISA тадқиқотларига тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари”, Наманган вилояти Чуст туман таълим сифати мониторинги бўлими бош инспектор-методисти А.Дарвишхўжаев “Ўқувчиларнинг табиий фанлар бўйича саводхонлигини баҳолаш”, Миллий марказ бўлим бошлиғи Н.Каримов “Ўқувчиларнинг математик саводхонлигини баҳолаш”, Миллий марказ бош мутахассиси Х.Аҳмедов “Бошланғич синф ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлигини баҳолаш PIRLS дастури” каби мавзуларда маърузалар қилишди.
Қорақалпоғистон Республикасида таянч мактаб ҳисоблаган Нукус шаҳар 1-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб директори Г.Абдирова, Амударё тумани халқ таълими бўлими рус тили ва адабиёти фани методисти Т.Кенжаева, Хўжайли тумани халқ таълими бўлими мудираси К.Файзуллаевалар томонидан йўналиш доирасида маърузачиларга ўз саволларини йўллаб, жавоблар олишди. Тахиатош тумани халқ таълими бўлими мудири Қ.Бекбаўлиев ва Амударё тумани халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Р.Матқурбановлар семинар борасидаги мавзулар бўйича ўз фикрларини билдирди.
Хоразм вилоятида ташкил этилган семинар давомида асосий маърузачилардан кейин Урганч шаҳар 29-сонли мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси С.Сафарова “Ўқувчиларнинг ижодий фикрлаш саводхонлигини баҳолаш” мавзусида ўз тақдимотини ўтказди. Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича видеоролик намойиш этилди. Мавзулар юзасидан иштирокчиларнинг фикр мулоҳазалари тингланди. Ҳозирда Хоразм вилоятининг барча шаҳар, туманларидан жами 22 та таянч мактаблар белгиланган бўлиб, вилоят бўйича 33 нафар ходимлар масъул этиб бириктирилган. Бугунги кунда ушбу таянч мактабларида тасдиқланган режага мувофиқ, ҳар ҳафта “PISA-Халқаро баҳолаш дастури” жараёнларига пухта тайёргарлик кўриш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш мавзуларида ўқув-амалий семинарлари ўтказиб келинмоқда.