Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хоразмда республикаси семинари якунланди
2019-04-03 | Технологиялар
2 апрель куни Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиалида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан “Ҳудудларда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик муносабатлари” мавзуидаги икки кунлик республика семинари якунланди.
“Биз – бир жамоа, биз – бир оиламиз” шиори остида ўтказилган семинарнинг асосий мақсади АКТ соҳасида ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишиш ва тажриба алмашиш, эришилган натижаларни тизимдаги корхоналар ўртасида кенг тарғиб қилиш, соҳа ходимларининг касбий малакаси ва билим даражасини оширишдан иборат.
Семинар давомида иштирокчилар вазирлик томонидан Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда Урганч шаҳридаги 30-мактабда ташкил этилган компютер технологиялари, робототехника, киберспорт бўйича махсус тўгарак фаолияти билан танишишди.
Тадбирнинг иккинчи куни иштирокчилар Хива шаҳрида очилган Рақамли технологиялари ўқув марказини бориб кўришди, шунингдек, Хива алоқа тарихи музейи, шаҳардаги Ичан қалъа мажмуасида бўлишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги