Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сингапур делегацияси билан учрашув
2019-04-03 | Сиёсат
2019 йилнинг 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Сингапур Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги Давлат катта вазири, Сингапур Жануби-шарқий округи мери Муҳамад Малики Бин Осман бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Суҳбатда Ўзбекистон – Сингапур муносабатларини, жумладан БМТ ва бошқа ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболларига асосий эътибор қаратилди.
Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда етакчи Сингапур компанияларининг иштирок этаётгани мамнуният билан қайд этилди ва томонларда ҳамкорликни, аввало, савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада оширишга қизиқиш мавжудлиги тасдиқланди.
Шу нуқтайи назардан ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларни 7 йиллик танаффусдан сўнг қайта тиклаш тўғрисидаги таклифлар кўриб чиқилди. Мунтазам мулоқотларнинг ушбу механизми ташқи сиёсат идораларига аввал эришилган келишувларнинг бажарилишини мониторинг қилиш, ҳамкорликнинг янги йўналишларига эътиборни қаратиш ҳамда долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича фикр алмашиш имконини бериши таъкидланди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Музокараларда Сингапур Элчиси Зулкифли бин Баҳаруддин иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги