Маълумотларга кўра, мамлакатимизда Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан жалб қилинган инвестициялар иштирокида мингдан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Европа Иттифоқи Комиссиясининг техникавий ёрдам кўмагида қатор соҳаларда ўттиздан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизнинг янгиланган ички ва ташқи сиёсатида амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан муносабатлари ривожига муҳим туртки бераётир. Европанинг академик ва таҳлил доиралари экспертлари ҳам худди шу фикрда.
Фабрицци Виельмини, Рим геосиёсий тадқиқотлар институти Евросиё дастури илмий ходими:
Ўзбекистондаги жорий ислоҳотлар мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан муносабатларни турли соҳаларда ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Айниқса, томонларнинг янги мулоқотларга киришида Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва фундаментал ҳуқуқ соҳаларида бажарилаётган ишлар муҳим аҳамиятга эга.
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, саноат тармоқларини модернизациялаш ишлари ҳам Ўзбекистон-Европа Иттифоқининг иқтисодий, савдо, инвестиция соҳаларидаги алоқалари янги босқичда ривожланишига туртки беради.
Иоханес Бунстра, ”Европа – Марказий Осиё” мониторинг ташаббуси мувофиқлаштирувчиси, Европа хавфсизлиги тадқиқотлар маркази эксперти :
Биз Европа Иттифоқи ва унга аъзо мамлакатларнинг Марказий Осиё бўйича ўтган йиллардаги ташқи сиёсатига эътибор берадиган бўлсак, минтақа уларнинг эътибори асосан Қозоғистонга қаратилганини кўришимиз мумкин. Чунки, ушбу мамлакат минтақанинг бошқа давлатларига қараганда кўпроқ очиқлик касб этган бўлган. Ўзбекистонда бошланган сиёсий, иқтисодий ўзгаришлар ва бу жараённинг тез суръатда давом этаётгани мамлакатни жаҳонга тобора очиб бормоқда. Эндиликда, Ўзбекистон айни шу жиҳати билан ҳам Европа Иттифоқи эътиборини ўзига кўпроқ жалб қилмоқда.
Маълумот ўрнида, Фабрицци Виельмини, Иоханес Бунстра Тошкентда 29 март куни Ўзбекистон – Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболларига бағишланган халқаро давра суҳбатидаги чиқишида шу каби мулоҳазаларни билдирган.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
Манба: ЎзА