Ўзбекистонда илк бор Халқаро ипакчилик комиссияси Ижроия қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтади
Шу йил 5-6 апрель кунлари Бухоро шаҳрида Халқаро ипакчилик комиссияси Ижроия қўмитасининг 20 та аъзо давлатлар вакиллари иштирокида мажлиси бўлиб ўтади.
Унда Халқаро ипакчилик комиссияси Бош котиби Р.Окхандиар иштирок этиши кутилмоқда. Тадбир доирасида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Ҳиндистон Тўқимачилик вазирлигининг Марказий ипакчилик кенгаши ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши режалаштирилган.
– Ҳиндистон ва Ўзбекистон ипакчилик соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича улкан салоҳиятга эга, – дейди Ҳиндистон Тўқимачилик вазирлигининг Марказий ипакчилик кенгаши котиби ўринбосари Дилип Кумар. – Мамлакатларимиз ипакчилик тузилмалари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши ушбу йўналишдаги муҳим амалий қадам бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ипакчилик бўйича Халқаро комиссия 1960 йилда тузилган бўлиб, БМТда рўйхатдан ўтган ҳукуматлараро ташкилотдир. Комиссия Бош қароргоҳи Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида жойлашган.
Ўзбекистон 2017 йил сентябрь ойидан мазкур ташкилотнинг йигирманчи аъзоси ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги
элчихонаси билан ҳамкорликда
тайёрланди
Манба: ЎзА