Сўнгги йилларда мамлакатимизда томорқалардан самарали фойдаланиш асосида мева-сабзавот, полиз, дуккакли маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.
Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш (қуритиш) бўйича янги қувватларни ишга тушириш ишларининг таҳлили айрим туманларда бу йўналишдаги фаолиятни янада ривожлантириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш чораларини кўриш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ҳудудларда соҳани янада ривожлантириш, қуритилган маҳсулотлар турларини кенгайтириш, экспортини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 ноябрдаги “Республикада 2019-2020 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2019 йилда мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш корхоналарини ташкил қилишнинг манзилли дастури тасдиқланди. Унга кўра, мамлакат бўйича 28 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 73 минг 20 тоннани ташкил этади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан бирга мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш бўйича амалга ошириладиган лойиҳаларнинг бажарилишига жавобгар этиб белгиланди.
Тошкент вилоятида ҳам қишлоқ хўжалиги изчил ривожланиб, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларда юқори натижаларга эришаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари, хусусий тадбиркорлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Улар амалга ошираётган лойиҳалар аҳоли фаровонлигини юксалтириш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бермоқда.
Кейинги йилларда вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишида фаолият бошлаётган корхоналарга ҳар томонлама кўмак берилаётир. Жумладан, Бўка туманидаги “TNA Agroinvest tomorqa xizmati” масъулияти чекланган жамиятида мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаб, қуритиш йўлга қўйилди. Замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар билан жиҳозланган корхонада 50 дан ортиқ одам иш билан таъминланган. 2018 йилда 400 минг долларлик маҳсулот Бельгия, Россия ва Германияга экспорт қилинди. Жорий йилда бу кўрсаткични 1 миллион доллардан ошириш режалаштирилган.
– Айни пайтда корхонамизда кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини 2 тоннага етказдик, – дейди “TNA Agroinvest tomorqa xizmati” МЧЖ раҳбари Шерали Умиров. – Йил охиригача 4-5 тоннага чиқарамиз. Асосан булғор қалампири, ошқовоқ, қизил лавлаги, карам ва турли кўкатларни қайта ишлаяпмиз. Имкониятларимиздан фойдаланиб, янги линияларни қуришни бошлаб юбордик. Келгусида янада кўп мева-сабзавотни қайта ишлашни ташкил этиб, туманимиз аҳолисини қўшимча иш ўрни билан таъминламоқчимиз.
Заводда ишлаб чиқариш жараёни тизимли равишда йўлга қўйилгани боис, иш унуми ва маҳсулот сифати юқори бўлмоқда. Мева-сабзавот аҳоли, фермер ва деҳқон хўжаликларидан харид қилинмоқда. Туман ҳокимлиги корхонага минг гектар ер майдони ажратди. Жорий мавсумда бу ерда замонавий иссиқхона барпо этилиб, турли сабзавотлар парваришланади. Улар тўлиғича қайта ишланади.
– 2021-2029 йилларда ҳудудларда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича 330 дан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган, – дейди “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси бошқармаси бошлиғи Абдуғаффор Умаралиев. – Шунингдек, қўшимча қуриладиган 1 минг 780 музлаткичли омборхонанинг сиғими 1 миллион 340 минг тоннани ташкил этади. Келаси ўн йилда вилоятлардаги корхоналарнинг эскирган ускуналари модернизация ва реконструкция қилинади. Натижада экспортбоп, юқори қўшимча қийматли – музлатилган, қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўпаяди.
Бундан ташқари, тайёр маҳсулотлар тўғридан-тўғри истеъмолчиларга етказиб бериладиган кичик ҳажмдаги қадоқлаш буюмларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади. Мамлакатимизда 2017 йил мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш даражаси 18,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда ушбу кўрсаткични 22,4 фоизга етказиш режалаштирилган. Соҳада амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар иқтисодиётни янада ривожлантириб, фаровонликни юксалтиришга хизмат қилади.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА
Манба: ЎзА