Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Болгарияда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг инновацион таълим имкониятлари бўйича маъруза қилинди
2019-04-02 | Инновация
Тошкент давлат иқтисодиёти университети вакиллари жорий йилнинг 11-16 март кунлари Болгариянинг “Ангел Канчев” Русе университетида ERASMUS+ лойиҳаси доирасида ташкил этилган дастлабки учрашувда иштирок этдилар.
598092-EPP-1-2018-1-BG-EPPKA2-CBHE-SP сонли лойиҳа “Янги технологиялар орқали Марказий Осиёда олий таълимни такомиллаштириш” га қаратилган бўлиб, учрашувда Болгария, Италия, Португалия, Люксембург, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатларидан 15 та олий таълим муассасаларидан, жами 54 нафар иштирокчи қатнашди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетидан ушбу лойиҳада Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Обиджон Ҳамидов ва Илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўлими бошлиғи Азизжон Бобожоновлар иштирок этиб, университетнинг инновацион таълим имкониятлари бўйича маъруза қилишди.
Лойиҳада Европа ва Марказий Осиёдан иштирок этувчи университетларнинг имкониятлари, халқаро даражадаги ҳамкорлиги ва ўқув жараёнларида инновацион таълим технологияларидан фойдаланиш даражаси таништирилди. Шунингдек, “ Ангел Канчев” Русе университети профессори ва мазкур лойиҳанинг раҳбари Ангел Смрикаров инновацион таълим технологияларидан самарали фойдаланиш усуллари ҳамда таълимда янги авлод технологияларини жорий этиш айни вақтда долзарб эканлиги ва жорий этишдаги асосий муаммолар ва йўл қўйиладиган камчиликлар ҳақида қизиқарли маъруза қилди.
Лойиҳа иштирокчи университетлари келажакда лойиҳа доирасида амалга оширилиши керак бўлган вазифаларни келишиб олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги