Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Немис тили дарсликлари муҳокамада
2019-04-02 | Таълим
Мамлакатимизда Президент Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 5-сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, халқ таълими тизимида ислоҳотларни янада жадаллаштириш, таълим сифатини оширишга қаратилган ”Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб пилот лойиҳаси сифатида 1-11-синфлар учун чет тиллари фанларидан илғор хорижий дарсликларни таълим жараёнига жорий этиш мақсадида хорижий адабиётлар таҳлилини ўтказиш режалаштирилган. Шу мақсадда Германиянинг хориждаги мактаблар марказий бошқармаси (ZFA) билан ҳамкорликда Республика таълим марказида Германиянинг Клетт нашриёти томонидан яратилган немис тили дарсликларининг муҳокамаси бўлиб ўтди. Шунингдек, мазкур дарсликларни Тошкент шаҳридаги 60-сонли, Самарқанддаги 51-сонли ҳамда Фарғонадаги 10-сонли немис тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларида тажриба-синовдан ўтказишга бағишланган семинар ташкил этилди.
Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров тадбирни очиб бергач, семинар ўз ишини бошлади. Мазкур семинарда Клетт нашриёти ходими Женнифер Сванда, Тошкентдаги Гёте институти ва Давлат тест марказининг немис тили йўналиши бўйича масъул ходимлари ҳамда юқорида қайд этилган умумий ўрта таълим мактабларининг немис тили фани ўқитувчилари иштирок этди.
Семинар мобайнида Клетт нашриёти томонидан яратилган Fabuli – Wo ist Paola? – Die Deutschprofis – Aspect Junior дарслик мажмуалари таҳлил қилинди.
Семинар якунига кўра, мазкур дарслик мажмуалар Тошкент шаҳридаги 60-сонли, Самарқанд вилоятидаги 51-сонли ҳамда Фарғона вилоятидаги 10-сонли немис тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларида 2018-2019 ўқув йилининг 4-чораги давомида тажриба-синовдан ўтказилиши режага киритилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги