Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ХВЖ экспертлари иштирокида мастер-класс бўлиб ўтди
2019-04-02 | Иқтисодиёт
1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) экспертлари иштирокида, академия тингловчилари учун бюджет-солиқ соҳасида шаффофлик ва давлат молиявий статистикаси мавзуларида мастер-класс бўлиб ўтди.
Мастер-класс интерактив тарзда олиб борилиб, ХВЖнинг Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга техник кўмак кўрсатиш ва бюджет-солиқ соҳасида шаффофликни баҳолаш бўйича таклифлар борасидаги ишларни давом эттириш доирасида жорий йилнинг 25 мартидан 5 апрелига қадар ташрифи доирасида ташкиллаштирилди.
Мастер-класс давомида бюджет соҳасида шаффофликни таъминлаш, давлат молиявий бошқарувини такомиллаштириш хамда давлат молиявий статистикасида бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамлари маблағларини акс эттиришга тааллуқли бўлган бир қанча масалалар муҳокама қилинди.
Маълумки Банк-молия академияси Ўзбекистон Республикаси банк ва молия соҳаларида фаолият юритувчи раҳбар ходимлар захираларини тайёрлайди. Ушбу мастер-классни ўтказишдан мақсад бўлгуси раҳбар ходимларни нафақат халқаро илғор тажрибалар билан таништириш балки Ўзбекистонда амалга оширилиши кутилаётган ислоҳотлардан хабардор қилишдан иборат.
Экспертлар тингловчиларнинг хорижий тиллар ва давлат молияси борасидаги билим ва кўникмаларини юқори баҳоладилар.
ХВЖнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга кўмак кўрсатиш ва бюджет-солиқ соҳасида шаффофликка тегишли таклифлар ишлаб чиқиш бўйича навбатдаги тадбирларни амалга ошириш борасидаги миссия ташрифи жорий йилнинг 5 апрелига қадар давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги