Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент шаҳрида аҳолининг бандлиги ўрганилди
2019-04-01 | Жамият
Аҳоли бандлигини таъминлаш муҳим ижтимоий ва иқтисодий масаладир. Шу боис ҳар йили ҳукумат миқиёсида “Бандлик дастури” қабул қилинади. Унинг асосида банд бўлмаган фуқаролар, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг битирувчилари иш билан таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу йил Тошкентда 42 573 та янги иш ўринлари яратилади. Ҳозиргача 7000 та янги иш ўрни ташкил этилиб, уларда аҳолининг банлиги таъминланган.
Шунингдек, ишсиз қатламнинг пойтахтимиздаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига қилган мурожаатига кўра, 1079 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 179 нафари касбга тайёрлашга ва қайта тайёрлашга юборилди, 315 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 190 нафарига 67 830 минг сўм миқдорида ишсизлик нафақалари тайинланди ва тўлаб берилди.
Бундан ташқари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсларга кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорликка ўқитиш ва кредит олишда суғурта полиси тўлови учун талаб этиладиган харажатлар ҳам мунтазам ўрганилиб, энг кам ойлик иш ҳақи 10 баравари миқдорида тўлаб берилмоқда.
Турли корхона ва ташкилотларда меҳнат қонунчилигини талабларининг бажарилиши ҳам доимо эътиборда. Бу борада жорий йилнинг ўтган даврида 5 мингдан ортиқ корхоналарнинг меҳнат қонунчилигига амал қилиши ва ходимларининг меҳнат муҳофазасини таъминлаши борасидаги ишлари мониторинг қилинди. Ўрганишлар асосида фаолиятида камчиликлар аниқланган корхоналарга нисбатан 300 млн.сўмдан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилди.
Шаҳримиз аҳолиси учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, банд бўлмаган фуқароларни иш билан таъминлаш йўналишидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати