Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жамоатчилик назорати олий аттестация жараёнида муҳим мезон бўлиши шарт

2019-03-29 | Таълим

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари муҳокамаси порталига олий аттестация жараёнини такомиллаштириш билан боғлиқ ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди. Қарор лойиҳасига илм аҳли томонидан билдирилаётган фикр ва мулоҳазалар билан биргаликда белгиланган платформадан ташқарида - оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг муҳокама қилинмоқда.

Олимларнинг тадқиқотлари учун асосан давлат бюджетидан маблағ ажратиладиган, бизнес секторининг илмий изланишларга маблағ ажратишга қодир бўлмаган бир шароитда тадқиқот натижаларини аттестация қилиш қатор мураккабликларни келтириб чиқаради. Давлат бюджетидан 2018 йилнинг
6 ойида 300 дан ортиқ илмий-тадқиқот марказлари, илмий-ишлаб чиқариш ташкилотлари ва инновацион марказлар учун Давлат бюджетидан 168 миллиард сўм йўналтирилган. Илм-фан учун ажратилган маблағ миқдори кескин равишда ошириб борилаётгани, 2014 йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,20 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу рақам уч баробарга кўпайиб 0,60 фоизни ташкил қилгани ўзгаришлар кўламидан далолат бериб турибди.

Давлат бюджетининг ҳар бир сўми ҳисоб-китобли. Илм-фаннинг бош ҳомийси сифатида давлат томонидан ажратилган маблағларнинг илм-фан ютуқларига айланишини аттестациядан ўтказиш ғоят муҳим масала ва у бюджет интизомининг таркибий қисми – солиқ тўловчининг олдидаги масъулиятнинг кўриниши ҳамдир. Бу ваколат Олий аттестация комиссияси тимсолида амалга оширилиши, компетент орган ғайрилмий муносабатларга нисбатан муросасизлик билан ёндашувни табиий, деб ҳисоблаш мумкин.

Масаланинг яна бир томони олий аттестация жараёни олимлар томонидан яратилган илмий ижоднинг давлат томонидан тан олинишидир. Бу тан олиш тадқиқотчининг нафақат олим балки муносиб кадр сифатида ҳам эътироф этилишига олиб келади. Ўзбекистонда олий таълим тизимини бошқариш олий малакали кадрларнинг салоҳиятига асосланган, яъни энг қуйи тизим – деканатдан тортиб юқори тизимгача бўлган босқичларнинг ҳар бирида олий аттестация томонидан тан олинган илмий салоҳият талаб қилинади. Бу эса илм жараёнида сунъий ажиотажни вужудга келтираётгани - олимликка, демакки юқори мансаб учун йўлланмага ҳам эга бўлишни истаётганлар тоифасини вужудга келтирди. Қайд этиш керакки, ўтган давр мобайнида олий аттестация тизими маълум бир маънода юқоридаги тоифанинг интилишларига муносиб қаршилик кўрсатиб келди.

Жамият ҳуқуқий маданиятининг таркибий қисми сифатида олий аттестация жараёни ҳам маълум бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Ҳаётимизнинг турли хил соҳаларини тартибга соладиган қонун ва қарорларни солиштириб айтиш мумкинки, олий аттестация жараёнида минимал миқдорда ҳужжатлар ишлатилади. Шунга қарамай тадқиқот натижаларини тўғри расмийлаштириш борасида қатор муаммолар мавжуд. Илмий жамоатчилик учун очиқ бўлган манбалардан бехабарлик илмий тадқиқотни расмийлаштиришда демакки, тадқиқотнинг ОАК томонидан тан олинишида муаммоларни юзага келтираётгани кузатилмоқда.

Мавжуд муаммоларнинг ечими сифатида қуйидагиларни таклиф қилинади.

Биринчидан, жамоатчилик назоратини кучайтиришнинг аниқ механизмлари – диссертациялар ва ҳимоя жараёнининг видеоверсиясини очиқ базага жойлаштириш, ҳимоя жараёнига ОАВ вакилларини жалб этиш, ҳимоя жараёнида ҳар бир босқичнинг муддатларига риоя этилишини ахборот-коммуникацион технологияларни қўллаган ҳолда назорат қилиш мақсадга мувофиқдир.

Иккинчидан, илм-фан омбудсманининг фаолиятини йўлга қўйиш – зиддиятли масалаларни жамоатчилик кўз ўнгида муҳокама қилиш, тегишли муносабат билидириш механизмини яратиш зарур бўлади.

Учинчидан, Олий аттестация комиссияси фаолиятига ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш ишларини жадаллаштириш керак. Тадқиқотчи билан кенгаш, кенгаш билан ОАК ўртасидаги муносабатларнинг шаффоф бўлиши жараёнга замонавий технологияларни татбиқ қилиш кўламига ҳам боғлиқдир.

Тўртинчидан, олий таълим муассасалари босқичма-босқич мустақил бўлар экан йирик олийгоҳларнинг кенгашларини моддий техника базасини кучайтириш, тадқиқот натижаларини расмийлаштиришга ҳар томонлама кўмак бериши зарур бўлган илмий кенгаш раиси ва котибларининг иш ҳажмидан келиб чиқиб, уларга иш ҳақи тўлаш тартибини жорий қилиш зарур.

Бугун олий таълим муассасалари жуда кескин ўзгаришлар остонасида турибди. Шундай экан, тажрибадан келиб чиқиб олий таълим аттестация бўйича ислоҳотларни босқичма босқич амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Азизбек Эгамбердиев, Минтақавий тадқиқот маркази илмий ходими

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Поделиться