Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳеч бир масала беэътибор қолмайди
2019-03-28 | Жамият
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида янгиланиш ва такомиллашиш, демократик жараёнлар, давлат тузилиши ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш йўлида дадил қадамлар ташланмоқда.
Туб ислоҳотлар жараёнида халқ билан мулоқотга катта эътибор қаратиляпти. Мамлакатимиздаги асосий янгиланишлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхоналари ташкил этилгани бўлиб, юртдошларимиз бу ерга ўз муаммолари, шикоят ва таклифлари билан мурожаат этишлари мумкин. Мазкур йўналиш халқ овози ва фикр-мулоҳазалари устунлик қилишини таъминлашда моҳиятан муҳим қадам бўлди.
Халқ қабулхоналари аҳоли билан мулоқот жабҳасида фуқаролар мурожаатлари бўйича тегишли чоралар кўришнинг муҳим воситасидир. Зеро, бу ерда масала жойида ва зудлик билан ҳал этилади. Сайёр қабуллар чоғида эса одамларнинг муаммолари ўз вақтида ечим топишига, турмуш шароитининг яхшиланишига кўрсатилган синчков эътибор адолатга, халқнинг давлатга ва эртанги кунга бўлган ишончининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Жорий йилнинг 25 март куни ИИВ Маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов бошчилигида ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, масъул ходимлар иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди. Мазкур тадбир илгари халқ қабулхоналарига мурожаат этган аҳолининг аризаларида баён этилган масалаларни муҳокама қилиш ва жойида ҳал этиш мақсадида уюштирилди.
Сайёр қабулда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов ҳамда вазирликнинг масъул ходимлари ҳам иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, фуқаролар қабули юқори даражада ўтказилди. Яшаш манзили бўйича тушган мурожаатларга мувофиқ, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан таклиф этилган фуқароларни бинонинг кириш қисмида халқ қабулхоналари ходимлари кутиб олишди. Шунингдек, улар масалаларнинг йўналишига қараб тезкор равишда гуруҳлар тузиб, ташриф буюрганларни тўғридан-тўғри масъул шахслар қабулига йўналтириб туришди. Ҳеч қандай тирбандлик, тушунмовчилик ва тартибсизликлар кузатилмади – қабул уюшқоқлик ва аниқлик билан амалга оширилди. Ҳеч бир масала беэътибор қолмаганини қайд этиб ўтиш лозим. Турли хоналарда ўтказилган қабуллар чоғида ҳар бир фуқаронинг мурожаати диққат билан тингланди. Аксарият масалалар жойида ўз ечимини топди. Муайян вақт талаб қилувчи мурожаатлар назоратга олинди, тегишли масъул шахсларга топшириқлар, аризачиларга эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
- Бундай сайёр қабуллар аҳоли турмушида йиғилиб қолган турли масала ва муаммоларнинг ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси бош мутахассиси Насиба Нажмиддинова. Аҳоли билан мулоқот тўғридан-тўғри амалга оширилмоқда, ҳеч бир фуқаронинг мурожаати эътиборсиз қолмаяпти. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, халқимизнинг ижро этувчи ҳокимият органларига бўлган ишончи ортаётгани шубҳасиз. Биз ҳам зиммамизга юклатилган вазифаларнинг амалга оширилиши йўлида барча имкониятларни ишга соламиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги