Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сурхондарё – бахшилар юрти

2019-03-28 | Маданият

Жорий йил 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивали олдидан Термиз археология музейида ташкил этилган кўргазма шундай номланди.

Вилоятнинг машҳур бахшилари ижоди ва фаолиятига бағишланган тадбирнинг очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Р.Чориев, Ўзбекистон халқ бахшилари Ш.Болтаев, Х.Мардонақулов ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимизда халқ оғзаки ижодини қўллаб-қувватлаш, бахши-шоирлар меҳнатини рағбатлантиришга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириб, ўзбек халқ оғзаки ижодини тарғиб қилиш, эл суйган бахшилар хизматини дунёга кенг тараннум этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Кўргазмада Сурхондарё вилоятида бахшичилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бахшиларнинг миллий кийимлари, дўмбира ва бошқа ноёб буюмлари намойишига кенг ўрин ажратилган.

Ҳозиргача мамлакатимизда Ўзбекистон халқ бахшиси унвонига сазовор бўлган 28 нафар бахшининг 9 нафари сурхондарёлик бахшилардир. Кўргазмада томошабинлар Қора Умиров, Шоберди Болтаев, Хўшбоқ Мардонақул ўғли, Абдуназар Поёнов каби Ўзбекистон халқ бахшилари, шунингдек, “Ниҳол” мукофоти совриндори Илҳом Норов ва бошқа бахши-шоирлар ҳаёти, ижоди ва фаолиятига доир қизиқарли маълумотларга эга бўлади.

Ўзига хос миллий урф-одатлар акс этган кўргазмада давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, бахшилар, ёшлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабалари ҳам иштирок этди.

– Кўргазма бизда катта таассурот қолдирди, – дейди ушбу таълим маркази талабаси Асадулло Башаш. – Бизнинг мамлакатда ҳам халқ оғзаки ижоди намуналарини тараннум этадиган бахшилар бор. Лекин уларга бу даражада эътибор берилмайди. Гапнинг очиғи, Ўзбекистонда бахшилар мамлакатнинг энг ардоқли, суюкли кишиларига айланганини кўриб ҳавасимиз келди. Уларнинг майин ва ўйноқи овоздаги термаларини тинглаб, ўзгача завқ олдик.

Тадбирда бахшиёна шеърлар ўқилди. Ўзбекистон халқ бахшилари ва ёшлар қизиқарли термалар ижро этиб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

 

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться