Бейбут Атамкулов: «Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлиги юқори суръатларда ривожланмоқда»
Қозоғистон Республикаси пойтахти Нурсултон шаҳрида Марказий Осиё давлатлари журналистлари учун пресс-тур ташкил этилди.
Мазкур тадбир доирасида 27 март куни Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бейбут Атамкулов Ўзбекистон – Қозоғистон кўп қиррали ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди.
– Бугунги кунда Ўзбекистон – Қозоғистон ўзаро манфаатли ҳамкорлиги юқори суръатларда ривожланмоқда. Бунга икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги ташрифлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ўрин тутмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида савдо-сотиқ, инвестициялар ҳажми сезиларли ортди, асрлар давомида қуда-анда бўлиб яшаган халқларимиз ўртасидаги борди-келдилар фаоллашди.
Бугунги кунда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларидан. 2018 йилда мамлакатларимизнинг товар айланмаси ҳажми 3 миллиард АҚШ долларидан ошди, бу 2017 йилга нисбатан қарийб 50 фоизга кўп.
Биз Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка иқтисодий ривожланиш, ўзаро муроса, дипломатия йўли билан эришиш мумкин. Шу боис Ўзбекистон ташаббуси билан Афғонистонда тинчликка эришишга қаратилган қўшма лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз. Афғонистондаги хотин-қизларни Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўқитишга доир лойиҳа, темир йўл қурилишига оид дастур шулар жумласидан.
Ҳозирги кунда Қозоғистонда тарихий жараён кечмоқда – Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев президентлик ваколатини топширишга қарор қилди. 20 март куни Конституцияга мувофиқ, Президент ваколатлари парламент Сенати Раиси Касим-Жомарт Токаевга ўтди. Янги етакчи раҳбарлигидаги Қозоғистон бундан буён ҳам Ўзбекистон билан иқтисодий ва бошқа кўплаб соҳалар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ниятида.
М.Анисимова ёзиб олди, ЎзА
Манба: ЎзА