Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фидойилар муносиб тақдирланади
2019-03-27 | Маданият
Сир эмаски, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсати нафақат мамлакатимиз аҳолисига фаровон турмуш тарзини яратиш балким, ҳар бир соҳани юксалтиришга қаратилган. Хусусан, маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириб, янги босқичга кўтариш, айниқса, соҳа ходимларини муносиб рағбатлантириб бориш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, халқимизнинг бой маданий меросини тиклаш ва ўрганиш мақсадида бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, пойтахтимизда Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо этилмоқда. Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази фаолияти йўлга қўйилмоқда. Китобхонлик маданиятини ошириш, маданият ва санъат соҳасини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилиб, ҳудудларда улуғ санъаткорларимиз номи билан аталадиган ижодий мактаб ва марказлар ташкил қилинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, маданият ва санъат соҳаси ходимлари учун яратилаётган шарт-шароитлар уларни янада жонкуярлик билан меҳнат қилишга, берилаётган эътибор ва рағбатга муносиб бўлиш ҳисси билан фаолият юритишга ундайди.
Соҳа вакилларининг машаққатли меҳнатларининг берилган беназир баҳо сифатида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган “Ўзбекистон халқ рассоми”, “Буюк хизматлари учун” каби давлат мукофотларининг берилишини кўрсатишимиз мумкин. Ана шундан юксак шарафга эга бўлган заҳматкаш санъат аҳли билан суҳбатлашганимда кўзлари ёшланиб: “Камтарона меҳнатларимни эътиборга олиб, берилган рағбатдан бошим кўкка етди.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бутун умрини санъатга бағишлаган фидойи инсонларнинг“камтарона” хизматлари аслида улкан машаққат, десам муболаға бўлмайди. Ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маданият ва санъат соҳасида узоқ йиллардан бери шижоат билан меҳнат қилиб келаётган ходимларни рағбатлантириш, уларнинг машаққатли меҳнатларини муносиб баҳолаш, эътироф этишни соҳа жонкуярлари олдидаги бурчимиз деб биламан.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида соҳа ривожига оид бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ана шу вазифалар баробарида санъат фидойиларига “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони таъсис этиш белгилаб берилган эди.
Ушбу шарафли вазифани бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қарор жорий йилнинг 20 март куни тасдиқланди.
Ишонч билан айта оламанки, давлатимиз томонидан маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор — “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонининг таъсис этилишини санъат аҳли кўтаринки руҳ ва қувонч билан қарши олди.
Эндиликда, мазкур кўкрак нишони мамлакатимизда маданият ва санъат соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган, халқ меҳрини қозонган, ўзбек санъатини дунё саҳналарида намойиш этиб келаётган ёшларнинг устозлари, соҳа истиқболи учун малакали кадрлар тайёрлашда жонбозлик кўрсатаётган тажрибали маданият ва санъат вакилларини муносиб тақдирлаш тизими йўлга қўйилади. Бу каби эътироф соҳа вакилларини қанчалик қувонтирса, ўз ўрнида уларнинг зиммасига шу қадар жиддий масъулият ҳам юклайди. Сабаби, ҳар қандай рағбатга жавобан янада юқори натижалар кўрсатиш, амалий намуналар орқали билдирилган ишончни оқлаш энг тўғри йўл ва эзгу фазилатдир.
“Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони 2020 йил кириб келиши арафасида муносиб номзодларга топширилади.
Маданият ва санъат соҳасида узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган барча фидойи инсонларни муносиблар қаторида кўришдан мамнун бўламан.
Бахтиёр Сайфуллаев
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги