19 март куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида китоб мутолаасига қизиқишини ошириш масаласи кенг муҳокама қилинган эди. Ш.Мирзиёев ўз нутқида, жумладан, шундай деди: “Бош вазирдан бошлаб, туманлар раҳбарлари, барча депутатлар, келинглар, ўзимиз ташаббус кўрсатайлик ва ўзимиз ўқиган тумандаги мактабларга 10-20 тадан китоб совға қилайлик. Ҳамма ҳам китоб ўқийвермайди, бироқ ёшларимизга улар керак”.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур таклифини қўллаб-қувватлаган ҳолда раҳбарлар таълим муассасаларига зиё улашиш мақсадида мамлакатимиз келажаги – ёшлар учун китоблар хайриясини бошлаб юборишди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ҳам ўзи таълим олган Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги 45-сонли умумтаълим мактабига навбатдаги китоблар тўпламини туҳфа этди.
У март ойида Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган ижодий учрашуви давомида ҳам Денов туманидаги ҳарбий қисмга, “Чағониён” номидаги китоб мажмуасига, Низомий номидаги Тошкент давлат университетининг Термиз филиалига ҳам шахсий кутубхонасидан китоблар совға қилган эди.
Бу китоблар, албатта, ўқувчиларнинг янада чуқур билим олишига, дунёқарашини кенгайтиришга, маънавиятини ривожлантиришга, китоб билан ошно бўлишига катта ҳисса қўшади. Зеро, юксак марраларни кўзлаб, элу юртга фойда келтираман, деб улғаяётган йигит-қизлар жамиятда ўз ўрнига эга, маълум ютуқларга эришган кишиларга ҳавас қилади, уларга ўхшашга интилади, ортидан эргашади.
Шу маънода улар томонидан совға қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, энг қадрли совға саналади.
Манба: ЎзА