Президент ташаббуси амалда: раҳбарлар ўзи ўқиган мактабларга китоб совға қилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталиб, ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаган эди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир раҳбар, депутатларга ўзлари ўқиган мактабига 20 донадан китоб совға қилиш, шу орқали кутубхоналар ташкил этиш, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш лозимлигини қайд этди.
Ушбу эзгу ташаббус юртдошларимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, айни пайтда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, мутасаддилар томонидан китоблар совға қилинмоқда.
Наманган муҳандислик-технология институти ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, физика-математика фанлари доктори, профессор Одилжон Маматкаримов ўзи таҳсил олган Уйчи туманидаги 1-умумтаълим мактабига ташриф буюрди. Ўз ҳисобидан ўқувчиларга 100 дона янги нашр этилган бадиий адабиётлар, дарсликлар, хусусан ўзининг физика фани бўйича ёзган ўқув қўлланмаларини совға қилди.
Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳам ўзи таҳсил олган Наманган шаҳри Мингчинор даҳасидаги 2- умумтаълим мактабида бўлиб, кутубхона учун ўз ҳисобидан 100 дан зиёд бадиий китобларни топширди. Мактабда ўқувчилар учун яратилган шароит билан танишди. Педагогик жамоага таълим сифатини ошириш, ёш авлод тарбияси борасида масъулиятни кучайтириш зарурлиги юзасидан тегишли кўрсатма-тавсиялар берди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу амалий ташаббус энг аввало, ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев,
журналист.
Манба: ЎзА