Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пешкў туманида сайёр қабул ташкил этилди
2019-03-26 | Жамият
Халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш мақсадида Пешкў туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида вилоят сектор раҳбарларининг сайёр қабули ўтказилди.
“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” шиори остида ташкил этилган сайёр қабул жараёнида аксарият мурожаатларда йўл, электр энергия, мактабгача таълим масканларини барпо этиш, шунингдек тадбиркорлик жараёнига ноқонуний аралашувларга оид масалалар кўтарилди.
Мен вилоят ҳокимига иш сўраб мурожаат қилдим дейди – фуқаро Зарина Ризаева. - Мурожаатим бунчалик тез ҳал бўлишини кутмагандим. Шу жойнинг ўзида 34 мактабгача таълим муассасасига ошпазликка ишга қабул қилиндим. Ҳақиқатдан сайёр қабуллар халқнинг дилидаги орзу-армонларини рўёбга чиқаришига ишонч ҳосил қилдим. Бунинг учун барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилувчи Равшан Жумаев 3 та эгизак фарзанднинг отаси ҳисобланади. Аммо бирор иш ўрнига эга бўлмаган фуқаронинг вилоят ҳокимига мурожаатидан сўнг кунлик патронаж хизмати, моддий ёрдам, фарзандлари учун керакли буюмлар ажратилди. Шунингдек, фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Сайёр қабул жараёнида биргина ҳокимлик секторига 45 та мурожаатлар келиб тушиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.
Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги