Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бельгияда ўзбек ҳунармандчилиги кўргазмаси ўтказилмоқда
2019-03-26 | Маданият
Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Бельгия Қироллигидаги элчихонаси ва ”Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ўзбек миллий ҳунармандчилиги кўргазмаси ўтказилмоқда.
Бу ҳақда республика ”Ҳунарманд” уюшмаси ахборот хизмати маълум қилди. Хабарда қайд этилишича, ўзбек ҳунармандчилигини Европада кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган кўргазмада Бельгия Қироллигининг кенг жамоатчилик вакиллари, ҳунармандчилик ихлосмандлари, тадбиркорлар, бизнес доира вакиллари иштирок этмоқда.
Наврўз байрами муносабати билан ўтказилаётган ҳунармандчилик кўргазмасида кулолчилик, каштачилик, заргарлик буюмлари ва ёғоч ўймакорлиги каби йўналишларда ишланган ноёб ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилаётир. Халқимизнинг миллий урф-одат ва анъаналари, маданияти ва тарихидан сўзловчи ушбу миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма иштирокчиларида катта таассурот қолдирмоқда.
Мазкур кўргазмада бевосита иштирок этаётган ”Ҳунарманд” уюшмасининг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Д.Машариповнинг қайд этишича, вилоят ҳунармандлари ҳам ушбу кўргазмада фаол қатнашиб, ёғоч ўймакорлиги дурдоналари, миллий тақинчоқлар, адрас ва атласдан тайёрланган маҳсулотлар билан иштирок этаётир.
Ҳунармандчилик кўргазмаси доирасида иштирокчилар учун миллий куй-қўшиқ ва рақслардан иборат концерт дастури ҳам намойиш этилмоқда.
Уюшма маълумотига кўра, кўргазмалар 28 март кунига қадар давом этиши режалаштирилган.
А.Худойқулов, ЎзА
Манба: ЎзА