Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эгри йўлнинг охири
2019-03-26 | Иқтисодиёт
Бу йўл ҳеч қачон яхшилик билан тугамайди. Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси ходимлари мавжуд имконият ва қулайликлардан қонунга зид равишда фойдаланмоқчи бўлаётган “тадбиркорлар” фаолиятига чек қўйишди.
Назорат тадбирлари давомида жами баҳоси 156 миллион 083 минг сўмлик чет эл аксиз маркали алкогол маҳсулотлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари, техник балонларга газ қўйиш ускуналари сохта тадбиркорлардан олиб қўйилди.
Хусусан, Нукус шаҳар, Қоскол-2, 6-кўча, 2-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Гулзар Туримбетовага тегишли бўлган 55 турдаги жами баҳоси салкам 21 млн. сўмлик чет эл маркали алкогол маҳсулотлари савдосига чек қўйилди.
Шунингдек, Нукус шаҳар, Ж.Аймурзаев кўчаси, 61-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Баймурат Фазиловга тегишли бўлган 27 турдаги жами баҳоси 5 млн. 700 минг сўмлик чет эл маркали алкогол маҳсулотлари расмийлаштирилиб, олиб қўйилди.
Беруний тумани Семурғ кўчасида яшовчи фуқаро Мухаммаддин Қаландаров эса ўз уйида яширин равишда техник балонларга газ қуйиш билан шуғулланиб турганлиги аниқланди.
Далилий ашё сифатида 1 турдаги 74 млн. сўмлик асбоб-ускуналар вақтинча сақлаш учун олиб қўйилди.
Солиқ идоралари ходимлари томонидан Мўйноқ тумани, Жиемуратов кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Мукарама Батиржанованинг ноқонуний фаолиятига ҳам чек қўйилди. Шу боис, сохта тадбиркоримизга тегишли бўлган 88 турдаги жами баҳоси салкам 28 млн. сўмлик автомобиль эҳтиёт қисмлари холис гувоҳлар иштирокида вақтинча сақлаш учун расмийлаштирилди.
Нукус шаҳрида ўтказилган назорат тадбирлари давомида Микратов кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Мухтар Турсинбаев ноқонуний равишда ҳар хил турдаги қўлбола усулда ишланган алкогол ичимликларини сотиб турганлиги маълум бўлди. Табиийки, унга тегишли бўлган 36 турдаги жами баҳоси 22 млн. 392 минг сўмлик қўлбола усулда ишланган алкогол ичимликлари холис гувоҳлар иштирокида вақтинча сақлаш учун расмийлаштирилди.
Худди шу куни Нукус шаҳар, 23-кичик туман, 3/8-уй, 1-хонадонда истиқомат қилувчи фуқаро Амир Джақсимуратовга тегишли бўлган 2 турдаги жами баҳоси 6 млн. 100 минг сўмлик кийим-кечак маҳсулотлари холис гувоҳлар иштирокида вақтинча сақлаш учун расмийлаштирилиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси