Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Буюк Британияда Наврўз байрамига бағишланган халқаро фестиваль ўтказилди ҳамда Ўзбекистон туризм салоҳияти намойиш этилди
2019-03-25 | Туризм
Жорий йилнинг 24 март куни Лондон шаҳрида “Х Марказий Осиё анъанавий баҳор фестивали” ўтказилди. Унда 3 мингдан ортиқ иштирокчилар қатнашди. Жумладан, Эрон, Озарбайжон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари, Британия оммавий ахборот воситалари, дипломатик ваколатхона вакиллари, Лондон университети ўқувчилари ҳамда ўзбекистонлик ватандошлар иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида, мамлакатимиз туризм салоҳияти, жумладан, миллий ошхона ва маданиятимизни намойиш этувчи стенд намойиш этилди. Тадбир иштирокчилари ва меҳмонларга Ўзбекистон ҳақида керакли маълумотлар берувчи тарғибот материаллари тарқатилди.
Фестиваль доирасида, Буюк Британияда таълим олаётган ўзбек талабалари томонидан, Амир Темурнинг театрлаштирилган саҳна кўриниши ташкил этилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили С. Умарова, ўз чиқишида тадбир иштирокчиларига мамлакатимизнинг туризм имкониятлари, туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистонда виза тизимининг соддалаштирилганлиги ҳақида маълумот берди.
Фестиваль Марказий Осиё халқларини бирлаштириб, тадбир иштирокчиларига мамлакатларнинг тарихи, миллий ошхонаси, урф-одатлари ва бой маданияти билан яқиндан танишиш имконини берди.
Шунингдек, фестиваль якунида ўзбекистонлик ватандошлар билан учрашув ўтказилди, унда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили ватандошларни Буюк Британиядан Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилишда ҳамкорликни кучайтиришга чақирди ҳамда Қўмита ватандошлар билан мулоқот қилишга доимо тайёр эканлигини таъкидлади.
Британиялик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун мамлакатимиз туризм салоҳиятини оммалаштириш жуда муҳим ҳисобланади. Бу каби турли маданий тадбирлар мамлакатни танитиш ва Ўзбекистоннинг миллий туризм брендини илгари суришга хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги