Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ипак йўли” туризм халқаро университети вакиллари Хунан университетига ташриф буюришди
2019-03-25 | Туризм
2019 йилнинг 21 март куни, “Ипак йўли” туризм халқаро университети вакиллари Хитой Халқ Республикасининг Чаньши шаҳрида жойлашган йирик олийгоҳлар вакиллари билан учрашишди.
Учрашувда “Ипак йўли” туризм халқаро университетининг ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректори профессор Б.Х.Тураев, Хунан университети ректори Джия Джианхуи, Бошқарув институти ректори Ма Чаокун ва халқаро бошқарув бошлиғи Хие Джун, БМТ қошидаги “Денгиз Ипак йўли” ташкилоти раҳбари Ву Джианбо ва унинг ўринбосари Ли Джинг ҳамда Хунан тижорат университети ректори Пан Жиан хоним ва университет проректори Джингжун Лилар иштирок этишди.
Мазкур учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 11 январь куни Самарқанд шаҳрига ташрифи давомида хитойлик ҳамкасблардан замонавий ўқув-амалий лабораторияларини ташкил этишни ўрганиш бўйича қўйган вазифаларининг амалдаги натижасидир.
Бундан ташқари, учрашув давомида ўзаро ҳамкорликда “Ипак йўли” туризм халқаро университети талабалари ва профессор-ўқитувчилари учун халқаро форматдаги малака ошириш, академик алмашинув дастурларини кенгайтириш, илмий симпозиумлар, халқаро илмий анжуманлар ҳамда ҳамкорликдаги илмий лойиҳалар ташкил этиш масалалари бўйича келишиб олишди.
Шуни қайд этиб ўтиш жоизки, ҳозирги кунда Хунан университетида таҳсил олаётган 2 000 та бакалавр-талаба ва 4 000 та магистр талабалар қаторида 60 нафар хорижий талаба таҳсил олаётган бўлиб, улардан 11 таси Ўзбекистонлик талабалардир. Университет Хитой Халқ Республикасининг Хунан вилояти маъмурий маркази Чаньши шаҳрида жойлашган бўлиб, ХХРнинг қадимий таълим даргоҳларидан биридир. Айтиш жоизки, бу университетда жаҳоннинг 20 та турли давлатларининг 70 дан ортиқ университетлари билан илмий алоқаларни йўлга қўйган 30 факультет фаолият юритади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги