Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Термиз Халқаро фестивалга тайёрми?
2019-03-25 | Маданият
Термиз шаҳрида жорий йилнинг 5-10 апрель кунлари Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтади.
Сурхондарё вилоятида мазкур тадбирга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Халқаро фестивалга дунёнинг 80 га яқин давлатидан меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда.
Мамлакатимизда илк марта ўтказилаётган ушбу тадбир доирасида бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, бахши-шоир, оқин ва жировлар ижодининг халқимиз маданияти ва санъатидаги ўрнини, аҳамиятини янада ошириш масалаларига оид илмий-амалий конференциялар ўтказиш белгиланган. Хорижий ва Ўзбекистон бахшичилик санъати усталарининг якка концертлари, бахши-шоир, оқин ва жировлар, фольклор жамоаларининг Халқаро кўрик-танлови ва сайллар ташкил этиш, дунёга машхур шахсларимиз ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида замонавий усулда саҳналаштирилган дастурлар, бахшичилик санъати тарихига оид кўргазмалар, ўзбек, араб, форс, инглиз, рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари, илмий-маърифий адабиётлар намойишига алоҳида ўрин ажратилган. Бахшилар ўртасида Халқаро кўрик-танлов ўтказилади. Шунингдек, ўзбек миллий таомлари фестивали ташкил этилади.
Термиз шаҳрида фестиваль олдидан ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида ана шу ҳақда атрофлича фикр юритилиб, вилоятда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари жумладан, Термиз халқаро аэропорти, Темир йўл вокзали ва фестивалнинг асосий тадбирлари ўтадиган Санъат саройи ҳудуди ҳамда кўчаларда амалга оширилаётган улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди. Фестиваль билан боғлиқ жараёнлар ва тадбирга тайёргарлик кўриш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятини оммавий-ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш юзасидан тавсиялар билдирилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА