Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оилавий меҳмон уйлари сони ошмоқда
2019-03-20 | Туризм
Бугунги кунга келиб, мамлакатимизда Оилавий меҳмон уйлари сони 137 га етиб, улардаги жойлар сони 1128 ни ташкил этмоқда. Оилавий меҳмон уйлари ташкил этилган ҳудудлар орасида Самарқанд вилояти етакчи бўлиб 25 та, Қашқадарё вилоятида 22 та, Тошкент вилоятида 22 та, Бухоро вилоятида 16 та, Сурхондарё вилояти 11 та, Тошкент шаҳрида 10 та, Хоразм вилоятида 8 та, Жиззах вилоятида 8 та, Навоий вилоятида 6 та, Қорақалпоғистон Республикасида 5 та, Фарғона вилоятида 3 та, Андижон вилоятида 1 тани ташкил этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 631-сонли қарори кучга киргандан сўнг қисқа муддат ичида ҳудудларда 100 дан ортиқ оилавий меҳмон уйлари очилган. Туризм соҳасидаги жойлаштириш воситаларининг ушбу тури 2018 йилнинг ўзида 4000 мингдан ортиқ хорижий давлат фуқароларини қабул қилган.
Қарорнинг умумий мазмуни ҳудудларимизнинг туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, дам олиш ва туризм учун шарт-шароитларни яхшилаш, шунингдек, туризм хизматлари кўрсатиш соҳасида янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда аҳолининг бандлиги ва фаровонлигини оширишдан иборат.
Меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили билан бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (сайёҳларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи хусусий уй-жой ҳисобланишини маълумот сифатида эслатиб ўтиш жоиз.
Меҳмон уйлари лойиҳасини ишлаб чиқишдан асосий мақсад мамлакатимизга хорижий мамлакатлардан ташриф буюраётган сайёҳларга миллий анъаналаримизни кўрсатиб бериш, туризм мавсумида жойлаштириш воситаларининг турларини кўпайтириш, соҳага маҳаллий тадбиркорларни жалб этиш, туризм соҳасида оилавий бизнесни қўллаб қувватлашдан иборат.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги