Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда баландлиги 57 метр бўлган Давлат байроғи ўрнатилади
2019-03-20 | Жамият
Эсингизда бўлса, ўтган йили пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун севимли майдонга айланган “Халқлар дўстлиги” саройи ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ўрнатилган эди. Юқорида ҳилпираб турган маҳобатли байроқнинг баландлиги 65 метр, ҳажми 20 метрга 10 метр.
Мамлакат ғурури ва ифтихори – Давлат байроғи ўрнатилган ушбу майдонга ташриф буюрган ҳар бир ватандошимизга ўзгача кайфият бағишламоқда. Ҳар бир фуқаро онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсолларидан бири бўлган байроқни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, бугун пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек ва Махтумқули кўчалари кесишмасида баландлиги 57 метр бўлган Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ўрнатилади.
Тошкент шаҳридаги мазкур ҳудудда баҳорий айём Наврўз муносабати билан “Наврўз” номли сайилгоҳ очилади ва мусиқали фаввора ҳам ишга туширилади.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этиши режалаштирилган.
Хуршид Қодиров, ЎзА
Манба: ЎзА