Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Жиззахда йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш тадбирида қатнашди
2019-03-20 | Жамият
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Жиззахда ҳарбий хизматга чақирилганларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш тадбирида иштирок этди.
Жиззах вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида чақирилувчиларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар ҳамда вилоят фаоллари иштирок этди.
Учрашувда олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов ҳарбий хизматни ўтаган ёшларга олий таълим муассасаларига киришда бериладиган имтиёзлар, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишдаги имкониятларга тўхталиб ўтди.
Вазир ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни жамиятимизда кечаётган ўзгаришларга мос равишда модернизация қилинаётган олий таълим олиш имкониятидан албатта фойдаланишга чақириб, халқаро стандартлар асосида замонавий мутахассисликларни эгаллашларида, жумладан ҳарбий касб сирларини қунт билан чуқур ўрганишларида муваффақиятлар тилади.
Ином Мажидов Жиззах шаҳридаги ҳарбий қисмга ҳам ташриф буюриб, бу ерда ҳарбий хизматчиларнинг яшаши, билим олиши, жисмонан чиниқишлари ҳамда жанговар техника билан ишлаш кўникмаларини шакллантириши учун яратилган шароитлар билан танишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги