Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси - 2019” республика танловига старт берилди
2019-03-19 | Таълим
Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси - 2019” республика танловига старт берилди.
Танлов уч босқичда туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар ва республика миқёсида бўлиб ўтади.
Танловда иштирок этиш учун аниқ талаблар белгиланган. Мазкур танловда умумий ўрта таълим мактабларида дарс бераётган олий маълумотли, камида 3 (уч) йиллик педагогик стажга, иккинчи ва ундан юқори малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилар иштирок этишлари мумкин. Ҳар бир ўқитувчи фақат битта фандан қатнашиш ҳуқуқига эга.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилдан танловнинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда кенг оммани жараёнга жалб этиш мақсадида танловга ўзгартиришлар киритилди. Яъни, иштирокчилар жорий йилнинг 18 мартидан то 5 апрелига қадар онлайн шаклда рўйхатдан ўтишлари лозим.
Танловда иштирок этишни хоҳловчи ўқитувчилар http://bit.ly/teacher-of-year ҳаволаси орқали рўйхатдан ўтиши керак.
Эътиборлиси, педагогларга янада қулайлик яратиш мақсадида танлов шартларига қатор янгиликлар жорий этилди. Жумладан, жорий йилда ҳакамлар ҳайъати таркиби аъзолари барча ҳудудлардан тенг миқдорда олинади. Иштирокчилар ҳужжатлари сони 10 тадан 5 тага қисқартирилган. Бундан ташқари, танлов шартлари 5 тадан 3 тага қисқартирилди.
Танловнинг республика босқичида 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган ғолиблар мос равишда энг кам иш ҳақининг 15, 12, 8 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Шунингдек, танловда иштирок этишни истаган ўқитувчи Facebook ижтимоий тармоғида шахсий саҳифаси (аккаунти)га эга бўлиши лозим. Иштирокчининг Facebook аккаунти омма учун очиқ бўлиши ва фаолиятини ўз аккаунти орқали #yiloqituvchisi2019 ва #йилўқитувчиси2019 хэштегларидан фойдаланган ҳолда мунтазам ёритиб бориши талаб этилади. Ушбу янгилик кенг оммани ўқитувчилар фаолияти билан таништириб бориш мақсадида танлов шартларига киритилди.
Жорий йилда танловнинг республика босқичида иштирок этаётган ўқитувчиларга кенг омманинг ҳам овоз беришига имкон берилади. Овоз бериш жараёни Халқ таълими вазирлигининг Facebookдаги (http://www.facebook.com/uzedu) расмий саҳифасида ташкил этилади. Овоз бериш натижасига кўра ўқитувчилар маълум бир балларга эга бўлади.
Ҳурматли педагоглар! Танловда иштирок этинг ва энг яхши ўқитувчи эканлигингизни иқтидорингиз ҳамда маҳоратингиз орқали намоён қилинг.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги