Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда халқаро ҳамкорлик таълим дастури (PEMPAL) муҳокамаси бошланди
2019-03-19 | Иқтисодиёт
– Ишчи гуруҳимиз давлат бюджетини бошқариш, уни шаффофлигини таъминлаш ва бу жараёнда аҳоли иштирокини кўриб чиқмоқда, – дейди Бюджет ҳамжамиятининг ижро қўмитаси раиси Анна Беленчук. – Бу борада қатор мамлакатларнинг амалиёти муҳокама қилинмоқда. Айни йўналишда юртингизда амалга оширилаётган, ўзига хос ёндашувни ўрганиш жуда қизиқ. Бу йиғилиш ўзига хос тажриба ўрганиш ва фикр алмашишда қўл келади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилган Давлат молиясини бошқариш бўйича халқаро ҳамкорлик таълим дастури (PEMPAL) доирасида Бюджет ҳамжамиятининг навбатдаги ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Европа минтақаси ва Марказий Осиё мамлакатларида давлат молиясини бошқариш бўйича халқаро ҳамкорлик таълим дастури яъни PEMPAL 2006 йилдан буён амалга оширилмоқда. Унга йигирмата мамлакат аъзо бўлиб, Ўзбекистон йигирма биринчи давлат сифатида дастур доирасидаги тадбирларда иштирок этиб келмоқда.
Қайд этиш жоизки, ушбу дастур илғор халқаро амалиётни ўрганиш, хорижлик экспертлар билан ўзаро фикр алмашиш бўйича тажриба майдони ҳисобланади. PEMPAL соҳада вужудга келадиган масалаларни муҳокама қилиш учун мунтазам равишда йиғиладиган уч йўналишдаги - бюджет, ғазначилик ва ички аудит ҳамжамиятларидан таркиб топган. Улар ўзларини йиллик иш режаларини тасдиқлаган ҳолда ялпи йиғилишларини ўтказиб боради.
– Бизда давлат молиясини бошқариш бўйича бюджет маълумотларининг очиқлиги, тизимнинг шаффофлиги таъминланмоқда, – дейди молия вазирлиги вакили Шоҳрух Эшонқулов. – Бу жараёндаги фуқаролар иштирокига йўналтирилган тақдимотлар жуда муҳим. Бу борада ривожланган мамлакатлар экспертлари билан фикр алмашиш ҳамда ушбу соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, 2012-2017 йилларда PEMPAL таълим дастури доирасида ислоҳотлар муҳокамаси масаласи юзасидан 130 дан ортиқ мавзуда семинар ва мажлислар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда Ўзбекистон вакиллари ҳам фаол иштирок этган эди. Улардан бири - “Ички аудит” ҳамжамиятининг ялпи мажлиси 2017 йилнинг октябрида Тошкент шаҳрида ўтказилган эди.
Йиғилишда Хорватия ва Россия Федерацияси давлатлари вакиллари билан бир қаторда мамлакатимизнинг давлат молияси соҳасидаги етакчи мутахассислари ҳам ўз тақдимотлари билан иштирок этмоқда.
Бюджет жараёнлари ва уларда кенг жамоатчиликнинг иштироки хусусидаги семинар ва тақдимотларни ўз ичига олган мажлис 22 мартга қадар давом этади.
Сайёра Шоева, ЎзА
Манба: ЎзА