Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркия ишбилармонлари Наманганда
2019-03-19 | Иқтисодиёт
Туркиянинг “Kanimed Alles Saglik Cozumleri A.S” компанияси бош директори Филиз Эрдўғон бошчилигидаги делегация ташриф билан Наманган вилоятига келди.
Вилоят ҳокимлигида ташкил этилган учрашувда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров меҳмонларни қутлар экан, олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар икки томонлама савдо-иқтисодий, маданий соҳалардаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги поғонага олиб чиққанини таъкидлади.
– Тили, дини, тарихи ва маданияти бир қардош ўзбек ва турк халқлари бугун бизнес соҳасидаги шерикликда ҳам натижаларга эришмоқда, – деди Х.Бозоров. – Биргина мисол. Ўтган йили Туркия компаниялари иштирокида 400 миллион АҚШ долларига тенг келишувларга эришилди.
Учрашувда соғлиқни сақлаш, хусусан, ташхис ва даволаш бўйича илғор тажрибага эга туркиялик мутахассислар билан тажриба алмашинувларни доимий асосда йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя киритиш, қўшма лойиҳа ва истиқболли дастурларни амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Филиз Эрдўғоннинг қайд этишича, “Kanimed Alles Saglik Cozumleri A.S” компанияси Термиз шаҳрида 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу маблағлар лаборатория-диагностика марказини барпо этишдек хайрли ишга сарфланади. Бу борадаги ишлар Наманган вилоятида ҳам давом эттирилади. Вилоятда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун мавжуд имкониятларни ошириш ишларига 2 миллион доллардан зиёд маблағ йўналтирилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 28 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида Учқўрғон туманида замонавий Гемодиализ ва диагностика лабораторияси маркази ташкил этиш бўйича таклифни илгари сурган эди. Мулоқотда ушбу мақсадлардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар Учқўрғон туманида бўлиб, Гемодиализ ва диагностика лабораторияси марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ ўрганишлар олиб борди.
Акромжон САТТОРОВ, Ҳ.МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА