Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

2019-03-19 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш халқимизни арзон ва сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади.

Шу билан бирга, ҳудудлардаги ишларнинг ҳозирги ҳолати мазкур тармоқ корхоналарини қўллаб-қувватлаш, озуқа базасини кўпайтириш, наслчиликни яхшилаш, шу жумладан, сунъий уруғлантиришни ривожлантириш ва наслчилик хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида аниқ комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Халқимизнинг чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу тармоқда илмий ёндашувлар ва илғор замонавий технологияларни кенг жорий этиш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп чорва маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни янада рағбатлантириш, пировардида аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва даромадларини кўпайтириш мақсадида:

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман ҳокимликлари захирасидаги лалми ва яйлов ер участкаларини чорвачилик фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига (кейинги ўринларда – озуқабоп экинлар етиштирувчилар деб юритилади) озуқабоп экинлар етиштириш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мажбуриятлари билан 1-иловага мувофиқ ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Ушбу қарорнинг 1-иловасига мувофиқ ажратиладиган лалми ва яйлов ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун озуқабоп экинлар етиштирувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

озуқабоп экинлар етиштирувчиларга мазкур ер участкаларида суғориш тик қудуқларини бурғулашга ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия берилади.

Бунда субсидия харажатлари 2019 йилда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари ҳисобидан қопланади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан озуқабоп экинлар етиштирувчиларга томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга ажратиладиган кредитларнинг валюта туридан қатъий назар бир гектарга эквиваленти 20 миллион сўмдан ошмайдиган қисми бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида, бироқ кредит ставкасининг 10 фоизлик пунктидан ошмаган миқдорда қопланади.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда 1-иловага мувофиқ ажратилаётган ер участкаларида ер ости сув чиқариш учун суғориш тик қудуқлари бурғулаш жойларини аниқлаб, озуқабоп экинлар етиштирувчиларни хабардор қилсин.

4. Суғориш тик қудуқларини бурғулаш учун Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мазкур қудуқларни бурғулаш лойиҳаларига экологик экспертиза хулосалари ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси гидрогеологик хулосалар берилишини таъминласин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари озуқабоп экинлар етиштирувчилар томонидан лалми ва яйлов ерлар ўзлаштирилган тақдирда, уларгачорва молларини сақлаш (фермалар), шу жумладан, энергия манбалари ускуналарини ўрнатиш ва уларни келгусида эксплуатация қилиш ҳамда бошқа турдаги инфратузилма объектларини қуриш учун ер участкаларини, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри туман ҳокимларининг қарорлари асосида ажратиб берилишини таъминласин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4231–сон қарори ижросини ташкил этиш жараёнида “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари”нинг тавсиясига асосан:

чорвачилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга озуқабоп экинлар етиштириш учун ҳар бир шартли бош чорва мол учун 0,5 гектардан туман ҳокимликлари захирасидаги лалми ва яйлов ер участкаларини 2 йил муддатда ҳақиқий даромад манбаига айлантириш шарти билан доимий ёки узоқ муддатли ижарага берсин;

мазкур фуқароларга ушбу бандда кўрсатилган тартибда ажратилган 
ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳамда наслли чорва моли сотиб олиш учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилишида амалий ёрдам кўрсатсин.

7. Қуйидагилар:

2019-2021 йилларда илмий-тадқиқот институтлари томониданозуқабоп экинларнинг бирламчи уруғларини етиштириш прогноз ҳажмлари 2-иловага мувофиқ;

Хўжаликларнинг асосий майдонларида чўл-яйлов озуқабоп экинлар уруғларини экин турлари ва навлари бўйича 2019 йилда жойлаштириш режаси 3-иловагамувофиқ;

Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтида чўл-яйлов озуқабоп экинларининг бирламчи уруғлик майдонларини барпо этиш учун харид қилиниши зарур бўлган моддий-техника воситалари рўйхати 4-иловага мувофиқ;

озуқабоп экинлар уруғларини етиштирувчи хўжаликларнинг ер майдони ҳажмлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларига:

бир ой муддатда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига мос равишда озуқабоп экинлар уруғларига бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда хўжаликларда уруғлик етиштириш майдонлари ажратилишини;

озуқабоп экинлар уруғларини оптимал муддатларда экиш, парвариш қилиш, уруғ ҳосилини уюшқоқлик билан ўриб-йиғиб олиш тадбирларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда озуқабоп экинлар уруғларини етиштирувчи ривожланган мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги замонавий технологияларни жорий этиш, илмий-тадқиқот муассасалари ва хўжаликлар мутахассислари малакаси доимий равишда ошириб борилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

хўжаликларга сертификатланган юқори сифатли озуқабоп экинларнинг бирламчи уруғларини етказиб беришни;

озуқабоп экинларнинг янги навлари ва дурагайларини яратиш, уларнинг агротехнологияларини такомиллаштириш, бирламчи уруғчилик ишларини олиб бориш, суперэлита ва элита уруғларини етиштириш, ер таркибини яхшиловчи кучсиз ва ўрта даражада шўрланган тупроқ шароитларига мос юқори оқсилли ва ноанъанавий (оқ люпин, пайза ва бошқалар) озуқабоп экинларни иқлимлаштириш, селекция ва уруғчилик ишларини олиб бориш ҳамда маҳаллий сермаҳсул чорва моллари линиялари ва типларини яратишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар танловларини доимий равишда ташкил этишни таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат ветеринария қўмитасининг сунъий уруғлантириш бўйича мавжуд тизимни сақлаган ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги “OʻZNASLCHILIK” давлат корхонаси томонидан эксперимент тариқасида 2019 йилда Қашқадарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги барча тоифа хўжаликларда наслчилик, шу жумладан, сунъий уруғлантириш ва сервис хизматлари кўрсатишни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

11. “OʻZNASLCHILIK” давлат корхонаси томонидан аҳоли, фермер, деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлар қарамоғидаги сигирларни сунъий уруғлантиришни ташкил этиш бўйича экспериментни қўллаб-қувватлаш ва ушбу ишларнинг тизимли давом эттирилишини таъминлаш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги “OʻZNASLCHILIK” давлат корхонаси томонидан 2019 йилда Қашқадарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида сигирларни сунъий уруғлантиришни ташкил этиш мақсадида 6-иловага мувофиқ талаб этиладиган моддий-техника воситалари билан бир марта таъминлаш учун керакли маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “OʻZNASLCHILIK” давлат корхонасига бюджет маблағлари ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан олиб берилган моддий-техника воситаларининг мақсадли ишлатилиши ҳамда ушбу воситалардан фойдаланиш орқали олинган маблағлар ҳисобидан уларни доимий янгилаб бориш ва унинг фаолияти кенгайтириб борилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат ветеринария қўмитаси “OʻZNASLCHILIK” давлат корхонаси билан биргаликда:

6-иловада келтирилган моддий-техника воситаларининг самарали ва мақсадли ишлатилишини;

сунъий уруғлантирилган сигирларнинг ҳамда улардан олинган бузоқларнинг электрон ҳисоби юритилишини;

Қашқадарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида “OʻZNASLCHILIK” давлат корхонасининг филиаллари ташкил этилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йилда “OʻZNASLCHILIK” давлат корхонаси томонидан Қашқадарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида ўтказиладиган эксперимент натижасидан келиб чиқиб, ушбу тажрибани кейинги йилларда республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Фанлар академияси 
билан биргаликда 2020 йилда Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти ҳудудида чорва моллари генетикасини таҳлил қилиш учун замонавий геномика лабораториясини ташкил этиш, замонавий кимё лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш, озуқабоп экинлар агротехнологиялари ва бирламчи уруғчилик ишларини олиб бориш учун моддий-техника базасини яхшилаш, зарур техника ва агрегатларни харид қилишга етарли миқдорда маблағ ажратилишини назарда тутсин.

15. Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Қибрай тумани, “Шалола” МФЙ ҳудудидан Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтига озуқабоп экинларнинг суперэлита ва элита уруғларини етиштириш учун 30 гектар суғориладиган ер ажратилишини таъминласин.

16. Қуйидагилар 2022 йил 1 январга қадар:

озуқабоп экинлар етиштирувчилар, шунингдек, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан олиб кириладиган, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашёлар 7-иловадаги рўйхатга мувофиқ божхона тўловларини тўлашдан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилсин;

асаларичилик субъектлари асалари оилаларини “вақтинча олиб чиқиш” божхона режимида қўшни мамлакатларга кўчириб чиқариши натижасида йиғиб олган табиий асални (ТИФ ТН коди 0409 00 000 0) республика ҳудудига олиб киришда божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилсин.

Бунда имтиёз битта асалари оиласи бўйича олиб кирилаётган табиий асалнинг 50 килограммдан ошмаган қисмига нисбатан қўлланилади.

17. Асаларичилик субъектларига баҳор-ёз мавсумида асалари оилаларини қўшни мамлакатларга “вақтинча олиб чиқиш” божхона режимида кўчириб чиқаришга рухсат берилсин.

18. Белгилансинки, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб бир кунлик жўжаларни (ТИФ ТН коди 0105 11 110 0, 0105 11 190 0, 0105 11 990 0) экспорт қилишга рухсат этилади.

19. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда 10 кун муддатда озуқабоп экинлар етиштирувчиларнинг суғориш тик қудуқларини бурғулаш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда чорва ҳайвонларини сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотишга нисбатан ветеринария-санитария қоидалари ҳамда ихтисослашган сўйиш корхоналарига нисбатан ветеринария, ветеринария-санитария қоида ва меъёрларини;

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда саноат усулидаги паррандачилик корхоналари фаолиятини амалга оширишда зоотехника, зоогигиена, ветеринария, ветеринария-санитария, экология, санитария, ёнғин ҳамда қурилиш бўйича хавфсизлик талабларини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

22. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси 
Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Ж.Ваҳобов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                   Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2019 йил 18 март

Манба: ЎзА

Поделиться