Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Япониядаги ватандошларимиз Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб этишга жалб этилмоқда
2019-03-16 | Туризм
Жорий йилнинг 11-16 март кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Япониянинг Токио ва Нагоя шаҳарларида ватандошларимиз иштирокида турли тадбирлар, шу жумладан давра суҳбатлари ва очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирларда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов иштирок этмоқда.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад - Японияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва таълим олаётган ватандошлар билан мулоқот қилиш, улар билан Ўзбекистонни янада ривожлантириш, кенгроқ танитиш ва мамлакат туризм брендини фаол тарғиб қилиш йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Қайд этиш жоизки, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, жумладан мамлакатимиз туризм имкониятларини тарғиб қилиш ва хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида, хориждаги ватандошларимиз билан ҳамкорликни ривожлантириш ва оммалаштиришни мақсад қилган.
Бугунги кунда чет элдаги кўплаб юртдошларимиз Ўзбекистоннинг иқтисодий, туристик салоҳияти ва нуфузини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш бўйича ўз ғоя ва ташаббусларини илгари суришмоқда. Япониядаги ватандошларимиз ҳам бундан мустасно эмас. Хусусан, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини намойиш этишга қаратилган турли тадбирлар ўтказиш, она тилимиз, миллий маданиятимиз ва тарихимизни ўрганиш мақсадида маданият ва маърифат марказини ташкил этиш ғоясини илгари сурилмоқда.
Шунингдек, бу каби тадбирлар Ўзбекистонда ўз бизнесини ташкил этиш истагида бўлган кунчиқар мамлакат тадбиркорлари учун зарурий маълумотларни тақдим этиш ҳамда инвестицияларни жалб этишда муҳим ўрин тутади. Бу каби масалалар “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхоновнинг ватандошлар билан учрашувлари чоғида атрофлича муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги