Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти экспортни ривожлантириш лойиҳасини амалга оширади
2019-03-17 | Иқтисодиёт
13 март куни Тошкентда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан “Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий стратегияларни ишлаб чиқишда кўмаклашиш” янги минтақавий лойиҳаси тақдим этилди. Ўзбекистонда лойиҳа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа мамлакатлар учун муҳим даромад манбасидир. Қишлоқ хўжалиги соҳаси аҳолининг асосий даромад манбаларидан бири бўлиб, ривожланган қишлоқ хўжалиги сектори иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик учун катта аҳамиятга эга. Қишлоқ хўжалиги соҳаси экспорт салоҳиятининг сезиларли даражада ўсиши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. ФАО Техник ҳамкорлик дастурининг янги лойиҳаси Ҳукуматнинг айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ривожлантириш бўйича миллий стратегияни тайёрлашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
“Ушбу лойиҳа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини экспорт қилиш бўйича миллий стратегияни шакллантиришга тизимли ёрдам беради, шунингдек, республикамиз қишлоқ хўжалиги сиёсати соҳасидаги мақсадлардан бирига эришиш учун бирламчи ҳисса қўшади, деб умид қиламиз”, – таъкидлаб ўтди Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев.
Ўтган йиллар давомида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ФАО билан биргаликда органик қишлоқ хўжалиги, ўсимликларни ҳимоя қилиш, ресурсларни тежовчи технологиялар ёрдамида фермерлик ва уруғчиликни ривожлантириш бўйича дастурларни муваффақиятли жорий этди. “Янги лойиҳа Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришнинг самарали механизмларини яратишга хизмат қилиши керак”, – деди вазирнинг биринчи ўринбосари.
Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги экспортини кенгайтириш учун ечим топиш керак бўлган асосий масалалар - транспорт, логистика, сақлаш, юқори сифатли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдир.
“Ўзбекистоннинг денгизга чиқиши чегараланганлиги туфайли маҳсулотларни бошқа мамлакатларга етказиб бериш харажатлари ошади”, – деди Марказий Осиё ФАО Минтақавий бюросининг катта маслаҳатчиси доктор Сумитр Брока. – “Яна бир масала - тез айнийдиган маҳсулотларни сақлаш ва логистика жараёни учун зарур бўлган совуқ занжирни ривожлантиришдир”.
“Ниҳоят, ривожланган минтақа ва давлатлар – Ғарбий Европа, Хитой, Япония ва бошқа мамлакатларга экспорт қилишда, маҳсулот сифати ва келиб чиқишига алоҳида эътибор берадиган йирик супермаркет занжирлари билан ишлаш учун кузатиш тизимини яратиш керак”, – деди у.
Янги лойиҳа Ҳукумат ва хусусий секторни талаб даражасида потенциал экспорт бозорларини таҳлил қилиш ва уларга киришни тартибга солиш (тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш), шунингдек, ишлаб чиқариш, таъминот занжири ва экспорт салоҳиятини баҳолаш орқали қишлоқ хўжалиги экспортини ошириш мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлашга қаратилган. Таҳлиллар натижаларига кўра экспортни ривожлантириш бўйича миллий стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Лойиҳада иккита танланган маҳсулот ва ҳар бири учун бир қанча потенциал бозорлар кўриб чиқилади. Маҳсулотлар мамлакат эҳтиёжларига ва кичик фермерларни самарали жалб қилиш имкониятига асосланган ҳолда танланади.
Маълумот учун:
1945 йилда ташкил этилган ФАО ташкилоти бугунги кунда 197 аъзо давлатни ўз ичига олади ва 130 дан ортиқ мамлакатларда фаолият юритади. ФАОнинг мақсади – озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳолининг юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш имкониятини таъминлашдир.
ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 2014 йилда очилган. 2022 йилгача ҳамкорлик режасига биноан ФАО бир неча устувор йўналишларда Ўзбекистон Ҳукуматига, шу жумладан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотларига институционал ва стратегик ёрдам кўрсатади. Шунингдек, ташкилот қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, бозорга кириш занжирлари ва барқарор табиий ресурсларни бошқариш, иқлим ўзгариши ва биохилма-хиллик соҳаларида қўллаб-қувватлайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги