Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таълим – мамлакат тараққиётини таъминлайдиган, уни янги босқичга кўтарадиган муҳим тизим
2019-03-17 | Таълим
2019 йил 16 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Давлат маслаҳатчилари, Ҳукумат вакиллари, мамлакатимизда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари, хорижий ОТМнинг филиаллари раҳбар ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўрганиш ва кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этишга бағишланган илмий-оммабоп қўлланманинг тақдимоти билан бошланди.
Мамлакатимизнинг 2019 йилдаги тараққиётининг асосий йўналиш ва мазмунини белгилаб берган ушбу Мурожаатнома ўзининг маъно-мазмуни, таркибий тузилишига кўра ғоят серқирра ва кенг кўламлидир.
Биз 2019 йилда халқимиз, мамлакатимиз олдида қандай муҳим вазифалар турганини ҳар томонлама чуқур англаб, уларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, бу улуғ ишга ўз ҳиссамизни қўшиш учун аввало ушбу Мурожаатноманинг маъно-мазмунини ўрганиб, тушуниб олишимиз керак. Бу бизга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнидаги ўз ўрнимизни аниқ белгилаб олишга ёрдам беради.
Ана шуларнинг барчасини инобатга олиб, мамлакатимиздаги нуфузли олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтларида фаолият олиб бораётган тажрибали олимлар, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Давлат бошқаруви академияси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент педиатрия тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари томонидан Мурожаатномани ўрганиш бўйича қўлланма тайёрланди. Ушбу қўлланма мазкур йўналишдаги дастлабки уриниш, янги тажриба бўлди.
Тадбир давомида иқтисодиётни инновацион ривожлантиришда академик илм-фаннинг ролини кучайтириш, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, илғор илмий ютуқларни амалиётга жорий этиш, жойларда илмий мактабларни мустаҳкамлаш ҳамда тегишли ҳудудий ва тармоқ муаммоларини ҳал қилишда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, халқаро миқёсда мамлакат илм-фани нуфузини ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Қайд этиб ўтилганидек, Мурожаатномада талабалар қабулининг соддалашган тизимини жорий этиш орқали қабул жараёнининг квота тизимидан давлат буюртмаси ва табақалашган тўлов-контракт тизимига ўтиш зарур. Олий таълим муассасаларининг халқаро нуфузини ошириш, педагог кадрларнинг илмий-педагогик фаолиятини муносиб рағбатлантириш мақсадида марказлашган молиялаштиришдан ўзини ўзи молиялаштириш ҳамда иқтисодий мустақил тизимга ўтиш вазифаси қўйилди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш соҳаси билан ҳамкорликда тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари, конструкторлик бюролари, тажриба-ишлаб чиқариш ва инновация марказлар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.
Бўлиб ўтган йиғилишда 2019 йилда ижтимоий соҳани янада ривожлантириш мақсадида илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш борасидаги соҳа олдида турган вазифалар муҳокама этилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги