Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ХТВ раҳбарияти тизим фахрийлари билан давра суҳбати ўтказди
2019-03-17 | Таълим
Жорий йилнинг 16 март куни Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими раҳбар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан Халқ таълим вазирлиги раҳбарияти ҳамда фахрийлар ва фидойилар билан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти, соҳада узоқ йиллар давомида фаолият олиб борган фахрийлар, аввалги халқ таълими вазирлари ҳамда қатор академиклар иштирок этди.
Тадбирда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов фахрийларни Наврўз байрами билан қутлаб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ёш авлоднинг билимли бўлиши ва ҳаётда ўз ўрнини топиши учун яратилаётган шароитлар, энг аввало, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқейини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шу билан бир қаторда педагоглар маошининг оширилиши мактабларга эркак ўқитувчиларнинг қайтишига туртки бўлгани, нафақадаги ўқитувчиларга пенсиясининг тўлиқ миқдорда тўланиши эса маҳоратли ўқитувчилар тажрибасини ёшларга ўргатишга кўмак бераётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Халқ таълими тизимида, жумладан ўқитувчи ва ўқувчиларнинг билимини баҳолаш бўйича халқаро тизимлар ва тадқиқотлар босқичма-босқич жорий этилиши ҳамда иқтидорли болаларни тарбиялаш учун Президент мактаблари ташкил этилиши ҳақида маълумот берилди.
Суҳбат давомида Академик Оқил Салимов ва бошқа иштирокчилар халқ таълими тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мактаб таълимидаги ўзгаришлар ҳамда ўқитувчиларга берилаётган эътибор ва уларнинг жамиятдаги мавқейини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирди.
Эътиборлиси, 2019 йил давомида “Ўқитувчи мақоми тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниши кутилмоқда. Мазкур ҳужжат ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб бериши билан бирга, уларнинг ижтимоий ҳимоясига оид масалаларни ҳам тартибга солади.
Учрашув доирасида халқ таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар борасида ҳамда уларни янада юқори даражага кўтариш бўйича фахрийлар ўз фикр, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги