Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Энди мактабда ўқимаганга ҳам аттестат берилади” мақоласига изоҳ
2019-03-15 | Таълим
Бир неча оммавий ахборот воситаларида “Энди мактабда ўқимаганга ҳам аттестат берилади” мавзусида мақолалар чоп этилди. Мазкур мақолалар бўйича Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги изоҳи:
Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида умумий ўрта таълимнинг мажбурий эканлиги белгиланган. Умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига болалар 6-7 ёшдан қабул қилинади ва умумий ўрта таълимнинг мажбурий эканлиги инобатга олиб мактабларга ўқувчилар 18 ёшгача жалб этилади.
Шу билан бирга, ўқувчиларнинг билим олиш ҳуқуқини таъминлаш ва таълимнинг кейинги босқичини давом эттиришига имконият яратиш мақсадида вояга етиб, мактаб ёшидан ошган, турли сабабларга кўра мактабни якунлай олмаган ёки мажбурий таълимга жалб этилмай қолган 18 ёшга тўлган фуқароларга экстернат тартибида якуний давлат аттестацияларни топшириш ҳуқуқи берилади. Якуний аттестацияларни муваффақиятли топширган фуқароларгагина белгиланган тартибда маълумот тўғрисида ҳужжат (шаҳодатнома) берилади.
Бу ҳақида Халқ таълими вазирининг 2015 йил 13 апрелдаги “Экстернат тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 9-мҳ-сонли буйруғи (Адлия вазирлигидан 2670 11.05.2015 йил рўйхатдан ўтган ) қабул қилинган.
Шу ўринда Халқ таълими вазирлиги кенг жамоатчиликка умумий ўрта таълимнинг мажбурийлигини яна бир бор эслатиб ўтади. ОАВ вакилларини нотўғри маълумотларни чоп этмасликка чақиради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги