Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кувайт Миллий Ассамблеяси парламентлараро дўстлик гуруҳи делегацияси билан учрашув
2019-03-15 | Сиёсат
Ўзбекистон ривожланишнинг бугунги босқичида хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ва ҳар томонлама фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда. Халқаро муносабатларда парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ташқи дунё билан фаол ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 15 март куни Кувайт Давлати Миллий Ассамблеясининг парламентлараро дўстлик гуруҳи делегацияси билан ўтказилган учрашув ҳам бунинг исботи.
Мамлакатимиз парламенти қўш палаталари вакиллари иштирокида ўтган учрашувда меҳмонларга Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида сўзлаб берилди.
Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида тадбиркорлик, бизнес учун қулай муҳит яратиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш мақсадида қонунчиликка ўзгартишлар киритилаётгани маълум қилинди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон – Кувайт муносабатлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар coҳaларда ривожланиб бораётгани, аммо бу томонларнинг имкониятидан паст экани таъкидланди. Шу боис парламент дўстлик гуруҳи иштирокида ҳамкорликнинг янги қирраларини очиш, мамлакатимиз иқтисодиётига Кувайт компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш, Ўзбекистон маҳсулотларини Кувайт Давлатига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Конструктив ва амалий руҳда кечган учрашув якунида парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма тадбирлар ташкил этиш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашишга келишиб олинди.
Кувайт Давлати Миллий Ассамблеясининг парламентлараро дўстлик гуруҳи делегацияси бугун мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва қўмиталарида икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказади.
Матназар Элмуродов, ЎзА
Манба: ЎзА