Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оммавий ахборот вакиллари ва туроператорлар учун инфо-тур
2019-03-14 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ҳамда 30-ноябрь куни ўтказилган Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси йиғилиш баёнининг 108-банди ижросини таъминлаш мақсадида, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ҳунарманд уюшмаси томонидан 2019 йилги сайёҳлик мавсумига қадар Республикада фаолият юритаётган туризм соҳаси субъектлари ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари учун инфо-тур ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Шу муносабат билан, Қўмита томонидан жорий йилнинг 14-16 март кунлари Хоразм вилояти Урганч туманида жойлашган “Улли ҳовли” ва Хива шаҳридаги “Нуруллабой” мажмуалари ҳамда Чимбой туманидаги ҳунармандлар томонидан тайёрланадиган ҳунармандчилик маҳсулотларини тарғиб қилиш мақсадида туризм соҳаси субъектлари ва республика оммавий ахборот вакиллари учун инфо-тур ташкил этилмоқда.
Мазкур тадбирга республиканинг 20га яқин ОАВ вакиллари ва 40 яқин салоҳиятли туроператорлари жалб қилинган бўлиб, улар учун юқоридаги объектларда турли хил маданий-кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтиши белгиланган. Жумладан, тадбир дастурларидан миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, миллий спорт ўйинлари, фольклор ансамбллар чиқишлари ва хонандаларнинг концерт дастурлари, сумалак тайёрлаш ва наврўз байрами арафаси тантаналари, буюк сиймоларни гавдалантирувчи ҳамда хон қабули ва ташрифи саҳна кўринишлари, театр томошалари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий таомлар тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ҳамда кўплаб бошқа қизиқарли тадбирлар жой олган.
Республика миқёсида фаолият олиб бораётган йирик туроператорлар билан вилоятдаги маҳаллий туроператорлар ўртасида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро манфаатли шартномаларга эришиш мақсадида тадбир давомида Б2Б тарзида ўзаро музокаралар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Шунингдек, ушбу инфо – турда иштирок этишни хоҳловчи ОАВ вакиллари ва туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Хоразм вилояти департаментига мурожаат этишингиз мумкинлигини маълум қиламиз.
Мурожаат учун:
+998 62 224-67-36
+998 91 999-55-77
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги