Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ташкилотни ўрганмасдан айблаш қанчалик тўғри?

2019-03-14 | Жамият

Ўзбекистон Миллий матбуот маркази раиси Шавқиддин Ғаниев жорий йилнинг 11 март куни давлатимиз вазирлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига йўллаган мурожаатида юртимизда ривожлантирилиб келинаётган соҳалар, ташкилотлар, муассаса ва идораларда юз бераётган ўзгаришлар ҳамда янгиликларни халқимизга етказишда Миллий матбуот маркази билан ҳамкорликда ишлашни таклиф этган, бунга Европа давлатларини (айнан кўрсатмаган ҳолда) мисол қилган.

Ушбу мурожаатда “Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳамда Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлиги Миллий матбуот маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйган, бироқ Халқ таълими, маданият, тиббиёт, фармацевтика, ёшлар, маънавият, матбуот ва сўз эркинлиги, ижтимоий ҳимоя масалалари, уй-жой, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, фермерлик ҳаракати, ҳаво ва темир йўллари, коммуникация, ташқи савдо, импорт, тадбиркорлик, инвестиция, ташқи меҳнат миграцияси сиёсати ва бошқа соҳалардаги оламшумул янгиликлар, жамиятимизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар тўғрисида, ҳаётимизда амалга оширилаётган туб бурилишлар ҳақида тўлақонли маълумотлар деярли берилмаяпти” дея бошқа давлат идоралари ва ташкилотлари бу борада нўноқ эканлиги иддао қилинади.

Бундан яққол кўриниб турибдики, мурожаат ёзаётган одам Маданият вазирлигининг иш фаолиятини чуқур таҳлил қилмаган ҳолда, вазирликдаги янгиликлар оммага ҳавола этилмаяпти, дея ноўрин иддао қилган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Матбуот хизмати вазирликнинг расмий веб-сайти, “Telegram”,“Instagram”,“facebook” каби ижтимоий тармоқлар орқали давлат раҳбари ҳамда ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган соҳа ривожига қаратилган қарорлар, фармойишлар ва баёнлар, уларга монанд ишлаб чиқилаётган, ҳар бир йўналишни белгилаб берувчи чора-тадбирлар режаси ва йўл хариталари асосида тизимли равишда амалга оширилаётган ишлар, тизимда юз бераётган янгиликлар, воқеалар билан кенг оммани мунтазам равишда хабардор қилиб бормоқда.

Мисол тариқасида айтиб ўтиш жоизки, вазирлик Матбуот хизмати 2018 йилнинг ўзида 12 марта матбуот анжумани, 2та брифинг, Халқаро фестиваллар (Мақом анжумани, “Рақс сеҳри”, “Бойсун баҳори”, “Истеъдод”, “Ипак ва зираворлар”, Белоруссия, Тожикистон, Қирғизистон маданияти кунлари каби), пресс-тур, пресс-кофелар ўтказган.2019 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар соҳадаги янгиликларни кенг ёритиш мақсадида беш марта матбуот анжумани, Ўзбекистон давлат цирки, Тошкент ҳайвонот боғи ва Хоразмга пресс-турлар ташкил этилган. Бу тадбирларга мамлакатимизда фаолият юритаётган ОАВ(“Oʻzbekiston24”, “Маданият ва маърифат”, “Ёшлар”, “Оилавий”, “MY5”, “Севимли”, “Миллий”, “С ва Иқбол Хоразм”, “ТРТ Туркия”, “Ўзбекистон” телеканаллари, “Кун.уз”,“Дарё.уз”, “Новости Узбекистана”, “Подробно.уз”,ЎзА каби онлайн нашрлар, бир қатор блогерлар, 10дан ортиқ газета ва журналлар)вакиллари таклиф қилинган.

Бугун давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати маданият ва санъат соҳасини ҳам янги босқичга олиб чиқди, дея оламиз. Айни пайтда Маданият вазирлиги ўз биносига эга бўлиб, унда иккита катта анжуманлар зали бор. Яъни бу бинода вазирликнинг матбуот анжуманлари ва тадбирларини ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратилган.

Маданият вазирлигининг матбуот котиби томонидан тизимда бўлаётган ўзгаришлар, вазир ва унинг ўринбосарларининг хизмат сафарлари чоғида амалга оширилаётган ишлар,маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, уни такомиллаштириш, жаҳонга тарғиб этиш, инвестицияларни жалб этиш, иқтидорли ёшларимизни дунёга танитиш, театрлар, музейлар, маданият ва истироҳат боғлари, маданият марказлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада ривожлантириш, шу билан бирга, йиллар давомида баъзи маданий мерос объектларини консервация ва реставрация ишларини тиклаш, туризм соҳасини ривожлантириш борасида бажарилаётган барча ишлар ҳақида тўлиқ маълумотлар бериб борилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ватандошларимизга маданий ҳордиқ олишлари учун ўтказилаётган спектакль ҳамда концерт-томоша дастурлари, соҳага оид қатор қарор ва концепцияларнинг тарғибот-ташвиқот ишлари вазирликнинг расмий http://madaniyat.uz веб-сайти орқали ёритиб борилмоқда. Сўнгги йилларда соҳани тубдан ислоҳ қилиш йўлида эришилаётган ютуқлар билан бирга мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида кўплаб ишлар қилинди. Албатта, ҳали олдимизда ҳал этилиши лозим бўлган муаммо ва камчиликлар йўқ эмас, вазирликнинг мақсади эса уларнинг барчасини тез ва сифатли амалга оширишга қаратилган.

Миллий матбуот маркази раҳбарининг мурожаати қайсидир жиҳатдан албатта, ўринли. Аммо қандайдир иш бошлаш, янгиликни амалга татбиқ этишдан олдин уни ҳар томонлама тарозига қўйиб кўриш, масаланинг иқтисодий томонларини ҳам таҳлил қилиш лозим. Ташкилотларнинг иш фаолиятини ўрганмасдан туриб, уларни “лаёқатсиз” деб аташ эса катта бир ташкилот раҳбарига ярашадиган иш эмас, қолаверса, бу бутун ташкилот мавқеига путур етказиши мумкин. Бундай хулоса қилишдан аввал, Мурожаатномадаги ҳар бир ташкилотнинг тузилмасини, ҳолати ва иш фаолиятини ўрганиб, танқид қилиш ўринлидир.

Айниқса, давлат имижини ижобий яратишда бири биримизга кўмаклашишимиз зарурдир, танқидни ҳар бир ишдан топса бўлади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги

Поделиться